Президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни ҳисобот тақдим этиш ва архив ҳужжатларини сақлаш тартиб-таомилларини мақбуллаштириш тўғрисида қарорни имзолади.

Қарор жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳамда улар бўйича ҳисобланган солиқ суммалари тўғрисидаги архив ҳужжатларини сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш мажбурияти бекор қилади.

Шунингдек, юридик шахсларнинг молиявий, солиқ ва статистика ҳисоботларини, шунингдек, солиқ органининг автоматлаштирилган ахборот тизимлари орқали электрон шаклда расмийлаштирилган ҳужжатларни сақлаш ҳамда давлат ёки нодавлат архивларига топшириш мажбуриятидан озод этилади. Ушбу ҳужжатлар давлат солиқ хизмати ва статистика органларига электрон тарзда топширилган.

2023 йил 1 январдан бошлаб бухгалтерия ҳисоби субъектлари томонидан молиявий ҳисоботларни солиқ ва статистика органларига ҳар чоракда тақдим этиш талаби бекор қилинади.

Келгуси йилдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган солиқ ставкаси бўйича тўлайдиган тадбиркорлик субъектлари йиллик молиявий ҳисоботларни солиқ органларига топшириш мажбуриятидан озод этилади.

Қарорга кўра, икки ой муддатда тадбиркорлик субъектларига тегишли товар-моддий захиралар ва пул маблағлари ҳамда иш берувчининг ходимлар билан боғлиқ бўлган ички хўжалик операциялари бўйича техник воситалар ҳамда ахборот тизимлари ёрдамида қатнашчиларни идентификациялашни таъминлаган ҳолда тузилган ҳисоб ҳужжатлари электрон шаклда юритилиши учун зарур шарт-шароитларни яратилиши керак.

Қолаверса, 2024 йил 1 январга қадар «Архив» ахборот тизимини тегишли вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан белгиланган тартибда интеграция қилган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг дастурий таъминот воситасида жамланган ҳужжатларини электрон кўринишда қабул қилиш, сақлаш ҳамда сўровга кўра тақдим этиш амалиётини йўлга қўйилади.

22 август куни президент ва тадбиркорлар ўртасида бўлиб ўтган учрашувда Korzinka супермаркетлар тармоғи асосчиси, инвестор Зафар Ҳошимов корхонада электрон шаклга ўтказиш имконияти бўлсада, катта ҳажмдаги қоғоз ҳужжатларни сақлашга тўғри келаётгани ҳақида гапирган эди.

«Корхонамиз ва солиқ тизимимиз тўлиқ рақамлаштирилган: ҳисоб-фактуралар, онлайн чеклар ва ҳоказо. Бизнинг тизимимизда барча ҳужжатларнинг изи бор, лекин биз уларни чоп этишимиз, имзо тўплашимиз, қутиларга солиб, омборга олиб боришимиз керак. Бизнинг омборимиз 20 фоизи ушбу қутиларга тўлган. Агар биров қидирса, ҳеч ким [қоғоз ҳужжатларни] текширмайди, бу ҳужжатларда рақамли из бор. Аммо „эскича асорат“ бор. Агар бу муаммо ҳал этилса, [тадбиркорлар учун] енгиллик бўларди», — деди у.

Қонунчиликка кўра, корхонада қоғоз шаклида кўплаб ҳужжатлар тузилиши ва сақланиши керак.

5 йил ичида:

  • товар-моддий захиралар (инвентарь ва материаллар) ва бошқа активлар ҳаракати учун ҳисоб-фактуралар;
  • товар ва материалларни ҳисобдан чиқариш далолатномалари;
  • асосий воситаларни (АВ) ишга тушириш далолатномалари;
  • АВни ҳисобдан чиқариш актлари;
  • товар ҳисоботлари;
  • товар-транспорт варақалари;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш актлари;
  • бўнак ҳисоботлари;
  • бухгалтерия ҳисоби ва бошқа бирламчи ҳужжатлар;

70 йил давомида:

  • иш ҳақи тўлаш ҳужжатлари.