Ўзбекистонда тижорат банклари масофадан туриб юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очиши мумкин бўлади. Бу хақда президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 майдан бошлаб тижорат банкларига ариза берувчини масофадан туриб идентификация қилиш учун зарур шарт-шароитлар мавжуд бўлганда, таъсисчилари мамлакат резидентлари бўлган юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларга банк ҳисобварағини масофадан туриб очишга руҳсат берилади.

Худди шу кундан бошлаб, юридик шахсларга электр энергияси, табиий газ, иссиқ сув, ичимлик сув таъминоти, оқова сув ва телекоммуникация хизматлари кўрсатиш бўйича шартномаларни, уларнинг истеъмоли тўғрисидаги ҳисоботларни ва келгуси давр учун шартномавий миқдорлар тўғрисидаги бир марталик ва даврий ҳужжатларни электрон шаклда расмийлаштиришга рухсат этилади.

1 январдан бошлаб нодавлат архивларни давлат ва нодавлат архивлари реестрига киритиш ҳамда ҳужжатларни электрон архивлаш (сақлаш) хизматларини кўрсатувчи нодавлат архивларнинг маълумотлар узатиш тармоқлари хизматларини кўрсатиш учун лицензия олиш талаби хабардор қилиш тартибини жорий этиш орқали бекор қилинади.

Spot нашрининг ёзишича, Марказий банк банк депозитларини очиш имкониятини 2018 йилнинг январидаёқ тақдим этган, бироқ мижоз камида бир марта банкка ташриф буюриши керак бўлади. Ўша йилнинг кузида МБ банк томонидан тадбиркорларга масофавий хизмат кўрсатиш бўйича ўзгартишлар пакетини қабул қилди.

Тўлиқ масофавий хизматга ўтиш учун мижозни рақамли идентификация қилиш тартибини белгилаш керак бўлар эди. Регулятор ушбу тартибни 2021 йил октябрь ойида тасдиқлаган бўлиб — ўша пайтдан бошлаб банк хизматларини унинг мижози бўлмаган ҳолда ҳам масофадан туриб олиш мумкин бўлди, дейди нашр.

Аввалроқ, юридик шахслар жисмоний шахсларнинг иш ҳақи ва бошқа даромадлари тўғрисидаги архив ҳужжатларни, шунингдек, молиявий, солиқ ва статистик ҳисоботларни сақлаш ва архивга топшириш мажбуриятидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди. Ўзгартириш 2022 йил 1 январь ва ундан кейин чиқарилган ҳужжатларга таъсир қилади.