Вазирлар Маҳкамасининг 8 ноябрда қабул қилинган қарорига асосан чет давлат фуқаролари томонидан Ўзбекистон ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини қайтариш бўйича Tax Free тизими жорий этилади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Tax Free қайси маҳсулотларга татбиқ этилади?

Тизим республиканинг барча ҳудудларидаги чакана савдо объектларида қарор билан тасдиқланган рўйхатга киритилган товарларга нисбатан қўлланилади.

Хусусан, булар — мева ва ёнғоқлар, парфюмерия ва косметика маҳсулотлари, чарм ва мўйна маҳсулотлари, ёғочдан ясалган буюмлар, гиламлар, тўқилган саватлар, ипак буюмлар, кийим-кечак ва улар учун аксессуарлар, пойабзал, керамика буюмлари, пичоқлар, қайчи, ошхона анжомлари, маиший техника, телефонлар, соатлар, ўйинчоқлар ва спорт буюмлари (батафсил рўйхат қарорда келтирилган).

Қанча миқдорда харидни амалга ошириш лозим?

Умумий қиймати камида 1 млн сўм бўлган Tax Free тизими татбиқ этиладиган товарларни харид қилиш лозим.

Шунингдек, тизим бўйича товарлар сотиладиган дўконлар ўзбек ва инглиз тилларида ёзилган махсус белгилар билан белгиланади. Маҳсулот Ўзбекистонда қўлланилмаслиги ва чет эл фуқароларининг қўл юкида ёки қўшимча юкида бўлиши керак.

Чет эл фуқаролари Tax Free`дан қандай фойдаланиши мумкин?

Бунинг учун чет давлат фуқароси Soliq мобил иловасида рўйхатдан ўтиши ва харидлари бўйича тақдим этилган онлайн-НКТ фискал чекларини сканерлаши кифоя.

Tax Free суммасини ҳисоблаш, уни чет давлат фуқаросининг банк пластик картасига ёки банк ҳисобварағига ўтказиб бериш тизим оператори Soliq-servis ДУК томонидан амалга оширилади. Ушбу жараёнларни Soliq мобил иловасида онлайн вақт режимида кузатиб бориш имконияти яратилади.

Чет давлат фуқаролари Ўзбекистон ҳудудини Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч халқаро аэропортлари орқали тарк этганда тизим операторига мурожаат қилган ҳолда маҳсулот харид қилган пайтдан бошлаб 3 ой ичида ҚҚС суммасини қайтаришни расмийлаштиришлари мумкин бўлади.

Тўланган солиқ суммалари қачон қайтарилади?

Tax Free суммаси чет давлат фуқаросининг республика ҳудудидан чиқиб кетиш ҳолати тасдиқланган сўнг, харид амалга оширилган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин қайтарилади.

Эксперимент натижаларига кўра 2024 йилдан бошлаб Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортлар ва темир йўл вокзаллари, шунингдек, чегара ўтказиш пунктларида ҚҚСни қайтариш пунктларида босқичма-босқич жорий этилади.

Бунда тизим оператори давлат-хусусий шериклик шартлари асосида танланади ёки бунинг учун халқаро компания жалб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, хорижий фуқароларга тўланган ҚҚС суммасини қайтариш тизимини жорий этиш режалари 2017 йилдан буён муҳокама қилиб келинади. 2019 йилнинг июль ойида ушбу тизимни жорий этишни назарда тутувчи президент қарори қабул қилинган эди.