Ўзбекистонда чет элликларга мамлакат ҳудудида сотиб олинган маҳсулотлар нархи таркибидаги қўшилган қиймат солиғини қайтариш тартиблари — Tax Free тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Президентнинг 10 июлдаги «Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида бу ҳақда сўз боради.

Россияда Евроосиё Иттифоқи (Россия, Беларусь, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон) таркибига кирмайдиган давлатлардан келган сайёҳларга ҚҚСни қайтариш тизими 2018 йил январида жорий этилган. Сайёҳлар харидлар қийматининг 18 фоизи миқдоридаги ҚҚСни қайтариб олишлари мумкин. Бунинг учун чет эллик энг камида 10 минг рубллик (157 доллар) харидларни амалга ошириши лозим.

Евроиттифоқ ҳудудида ЕИ таркибига кирган мамлакат фуқаролигига эга бўлмаган саёҳатчилар аэропортларда duty-free дўконлардан ташқаридаги харидлар таркибидаги ҚҚС пулини қайтариб олишлари мумкин. Бунинг учун харид чекини сақлаб қўйиш ҳамда дўкон сотувчиси ёки бошқа ходимидан ҚҚСни қайтариш декларацияси шаклини (VAT Refund) талаб қилиши лозим.