Таълимда муаммолар ғиж-ғиж бўлиб турганида, ўқитувчилар гарданига яна қандайдир қўшимча вазифалар юклаш ортиқча, деди Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева. У бу фикрни блогер Никита Макаренконинг Ўзбекистонда ўқитувчиларни уйма-уй юриб, болалар ҳақида маълумот тўплаш ишларига жалб қилиш кўп йиллардан буён давом этаётгани ҳақидаги чиқишидан сўнг билдирди.

Саида Мирзиёева Ўзбекистонда ўқитувчиларни «худди йигирма йил олдинги каби» хонадонларни айланиб чиқишга ва ўқувчилар рўйхатини тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида эшитиб «жуда хафа бўлгани»ни маълум қилди.

«Мен ўқитувчиларга бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш ўта зарур деб ҳисоблайман ва мутасаддилардан уларнинг зиммасига кераксиз ва ноқонуний вазифалар юклашни бас қилишларини сўраб қоламан», — дейилади Саида Мирзиёеванинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган баёнотда.

Унинг қайд этишича, ўқитувчиларнинг асосий вазифаси — «фарзандларимизга билим бериш орқали мамлакатимиз келажагини таъминлашдир». «Бунинг ўзи жуда мураккаб вазифа. Таълим йўналишида шундоқ ҳам муаммолар ғиж-ғиж бўлиб турганида, устига-устак ўқитувчилар гарданига яна қандайдир қўшимча вазифалар юклаш — бу энди ортиқча», — дейди у.

«Ўқитувчиларни ортиқча ишларга мажбур қилиш нафақат мактабга, балки Ўзбекистон келажагига ҳам зарар етказади. Мен барча масъул шахслардан ушбу муаммони имкон қадар тезроқ ҳал қилиш ва ўқитувчилардан дарс беришдан бошқа барча вазифаларни озод қилишини сўрайман», — деб мурожаат қилган Мирзиёева.

Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосарининг таъкидлашича, ҳозир Ўзбекистонда таълим «биринчи рақамли устувор масаладир».

«Биз ўқитувчиларга текин хизматкор ходим сифатида қарашга барҳам беришимиз шарт. Улар жамиятнинг энг ҳурматли ва ардоқли қатламига айланиши, бунинг учун барча бирдек ҳаракат қилиши зарур деб ҳисоблайман. Зеро фақат таълим, фақат ўқитувчилар ёрдамидагина биз тараққиётга эриша оламиз. Фарзандларимиз келажаги уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишлари учун ҳам устозларимизни эъзозлашимиз шарт!», — дея ўз мурожаатини якунлаган Саида Мирзиёева.

Саида Мирзиёеванинг баёнотидан кўп ўтмай, Президент администрацияси раиси ўринбосари Комил Алламжонов Халқ таълими вазирлиги ҳамда тегишли мутассаддиларга ўқитувчилар зиммасига юклатилган барча ортиқча вазифаларни инвентаризация қилиш ҳамда уларни тақиқлаш юзасидан администрация томонидан тегишли кўрсатма берилганини маълум қилди.

Бунгача ХТВ ўқитувчиларни бошқа ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланиши, шундай ҳолатлар қайд этилганида эса вазирлик ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш кераклигини эслатиб ўтган эди.

Блогер Никита Макаренконинг қўшимча қилишича, унга бошқа ишларга жалб қилиш ҳолатлари юзасидан нафақат мактабларнинг ўқитувчилари, балки болалар боғчаларининг тарбиячилари ва тиббиёт ходимлари ҳам оммавий мурожаат қилмоқда. Кейинроқ унинг бу хабарига соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев муносабат билдиргани, агар шифокорларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари мавжуд бўлса, уларни қатъий бартараф этишга хоҳиш борлигини билдиргани маълум бўлди.

Ўзбекистон Сенатининг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳам «бу каби ҳолатларни тўлиқ қоралашини» таъкидлади. «Миллий комиссия […] нафақат Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, балки бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда ходимларнинг ўз функционал вазифаларидан бошқа ишларга жалб этилишининг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриб боради», — дейилади тузилма баёнотида.