Халқ таълими вазирлиги ижтимоий тармоқ орқали мактаб ўқитувчилари томонидан ҳудуддаги хонадонларда яшовчи мактаб ёшидаги болалар ҳақида маълумотлар йиғилаётгани ҳақида тарқалган хабарга муносабат билдирди. Бу ҳақда олдинроқ блогер Никита Макаренко ёзган эди.

Ҳукуматнинг 2017 йилдаги 140-сон қарорига мувофиқ, мактаб раҳбарияти ўз мактабига бириктирилган микроҳудудда яшаётган ва келгусида мактабга келиши мумкин бўлган болалар тўғрисидаги маълумотга эга бўлиши керак.

«Шу билан бирга, бу жараён бугунги кунда электрон тизим орқали амалга оширилиб, бунинг учун мактаб педагоглари уйма-уй юриши зарурияти йўқ. Сўнгги 2 йилдан буён Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларидаги умумтаълим мактабларида 1-синфга қабул жараёнлари электрон шаклда (онлайн) амалга оширилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

«Жойлардаги айрим раҳбарларнинг „ташаббуси“ билан микроҳудуд бўйича маълумотларни йиғиш жараёнига педагог-ходимларни жалб қилиш ва уларни фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб қилиш эса мутлақо тақиқланганлигини эслатиб ўтамиз», — дейилади ХТВ муносабатида.

Президентнинг 2018 йилдаги [ПҚ-3907-сон] қарорига мувофиқ, умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларининг дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш ҳамда синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш ҳамда халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб этиш қатъиян тақиқланган.

Халқ таълими вазирлиги барча мактаб директорлари ва педагог ходимларига уларнинг лавозим мажбуриятларига кирмайдиган ишларга жалб этиш қатъиян таъқиқлангани, бу каби ҳолатлар юзага келган тақдирда вазирликнинг 71−202−09−09 ишонч телефонига мурожаат этишлари мумкинлигини эслатиб ўтди.

Никита Макаренко Ўзбекистоннинг турли вилоятларида ишловчи 30 га яқин ўқитувчиларнинг кўп йиллардан буён уйма-уй, хонадон юриб, болалар ҳақида маълумот тўплаш билан шуғулланаётгани акс этган шарҳларини эълон қилди.

«Буларнинг барчаси, ўқитувчиларнинг кўрсатмасига кўра, мактаб директорлари ва туман халқ таълими бўлимларининг сиртдан берилган буйруқлари асосида содир бўляпти. Бу ҳолатда Халқ таълими вазирлиги бефарқ. Эҳтимол ввзирлик муаммодан хабардор ва оммавий баёнотларга қарамай замонавий қулликнинг ушбу шаклига самарали барҳам бериш қўлидан келмайди», — деб ёзади блогер.