Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига қилган давлат ташрифи давомида мамлакат подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур орден яқинда — 15 август куни таъсис этилган бўлиб, Салмон бин Абдулазиз ушбу мукофотга сазовор бўлган биринчи инсон бўлди.

Орден билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб қилишда катта ютуқларга эришган фуқаролар мукофотланади.