15 август куни Президент томонидан «Имом Бухорий» орденини таъсис этиш тўғрисидаги [ЎРҚ-789-сон] Қонун имзоланди.

Қонунга мувофиқ, орден икки даражадан иборат бўлади: «Олий даражали Имом Бухорий» ордени ҳамда «Имом Бухорий» ордени.

«Олий даражали Имом Бухорий» билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришганлиги учун:

  • хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари;
  • хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари;
  • халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек хорижий арбоблар ва олимлар;
  • мамлакатимизнинг атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, атоқли олимлар, адиблар, педагоглар ва илмий тадқиқотчилар мукофотланади.

«Имом Бухорий» ордени билан эса:

  • улуғ алломалар илмий меросини чуқур ўрганиб, ўсиб келаётган ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги хизматлари;
  • юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларни ўзида ифода этган тарихий меросимизни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарслик ва ўқув қўлланмалари, илмий-амалий тавсиялар тайёрлашдаги самарали меҳнати;
  • мамлакатдаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказишдаги фаолияти;
  • «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динига нисбатан содир этилаётган ғаразли таҳдид ва ҳаракатларнинг олдини олиш, бундай хатарларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётда қўллаш борасидаги хизматлари;
  • ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятларини, жумладан, халқимиз маънавияти ва маданияти ривожида тутган ўрни ҳамда аҳамиятини ўрганиб, уларнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини тадқиқ этишдаги катта хизматлари учун мукофотланади.

Орден билан илм-маърифатни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун бошқа шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.

«Ҳуқуқий ахборот» каналида хабар берилишича, Олий Даражали Имом Бухорий" ордени билан мукофотланган шахсларга БҲМнинг 70 баравари (21 млн сўм), «Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган шахсларга эса БҲМнинг 50 баравари (15 млн сўм) миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади.