In English: A transformative moment amid extraordinary uncertainty in the Caucasus and Central Asia

Жиҳад Азур — Халқаро валюта жамғармасининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатлари департаменти директори бўлиб, у жамғарманинг Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Марказий Осиё ва Кавказдаги фаолиятини назорат қилади. У Париждаги Сиёсий тадқиқотлар институтида халқаро молия фанлари номзоди ҳамда халқаро иқтисод ва молия бўйича илмий даражага эга. У Гарвардда постдокторант сифатида ривожланаётган бозорлар ва уларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграцияси бўйича тадқиқотлар олиб борган. У ўтган ҳафта Самарқандда бўлиб ўтган иккинчи Ўзбекистон Иқтисодий форумида иштирок этди.

Ҳозир иқтисодий сиёсатни ишлаб чиқувчилар учун қийин давр. Глобал иқтисодиёт фавқулодда муаммолар шароитида ноаниқликка дуч келган бир пайтда, бутун дунё бўйлаб давлат бошқарув лавозимини эгаллаганлар олдида кескин саволлар турибди: ўз мамлакатларини келгусида кутаётган ҳодисаларга тайёрлаш учун ҳозир қандай иқтисодий сиёсат ва ислоҳотларни амалга оширишлари мумкин?

Февраль ойида Россия Украинага бостириб кирганида, Россия ва Украинага географик жиҳатдан яқинлиги, шунингдек, улар билан яқин иқтисодий алоқалари туфайли Кавказ ва Марказий Осиё (КМО) давлатлари урушдан энг кўп жабр кўрган давлатлардан бўлиши кутилганди. Аммо, ажабланарлиси, олти ойдан кўпроқ вақт ўтгач, минтақанинг аксарият мамлакатларида иқтисодий фаоллик яхши сақланиб қолди, баъзиларида эса ҳатто ўсиб бормоқда. Бунинг сабаби нимада?

Биринчидан, шу пайтгача Россияда иқтисодиётнинг дастлаб башорат қилинганидан анча сезиларли даражадаги қисқариши кузатилди. Иккинчидан, Россиядан ишчилар ва компаниялар оммавий равишда бир нечта КМО мамлакатларига кўчиб ўтишди. Натижада минтақа бўйлаб даромадлар ва молиявий оқимлар даражаси ошди. Учинчидан, анъанавий равишда Россия орқали оқиб келаётган таъминот йўналишини сезиларли даражада ўзгартириш минтақадаги савдони қўллаб-қувватламоқда. Бу омиллар ХВЖнинг 2022 йил учун ўсиш прогнозларини 3,8 фоизгача оширишга туртки бўлди.

Бу яхши хабар. Бироқ, минтақа ҳали ҳам хавфдан ҳоли эмас. У савдо, пул ўтказмалари, туризм ва молиявий оқимлар орқали уруш билан боғлиқ хавф-хатарларга жиддий таъсир кўрсатмоқда, ҳозирда уларни олдиндан айтиб бўлмайди. Бу йил кузатилган молиявий оқим ва кўчишларнинг ижобий таъсири вақтинчалик бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Украинадаги урушнинг узоқ давом этиши, Россияга қарши санкцияларнинг кенгайиши ва глобал вазиятнинг ёмонлашуви минтақа тараққиёти истиқболларини тобора хиралаштирмоқда. Ҳозирда жаҳонда энергия ресурслари нархларининг ошишидан фойда кўраётган нефть экспортчилари ҳам нефть ва газ экспорти билан боғлиқ транспорт тизими инфратузилмаси ва қувурларида юзага келиши мумкин бўлган носозликлар хавфига дуч келишмоқда.

Шу билан бирга, озиқ-овқат ва энергия нархларининг кўтарилиши ва ўзгарувчанлиги туфайли юзага келган доимий юқори инфляция бутун минтақадаги уй хўжаликларига босим ўтказмоқда. Қашшоқроқ уй хўжаликлари озиқ-овқат нархининг кўтарилиши оқибатида хавф остида, чунки улар ўз даромадларининг катта қисмини озиқ-овқатга сарфлашади. Бундан ташқари, агар Россия таназзулга учраса ва бу узоқ давом этса, камбағаллар учун муҳим бўлган пул ўтказмалари кескин тушиб кетиши мумкин, бу эса қашшоқлик ва тенгсизликнинг кучайишига, шунингдек, аллақачон юқори даражада бўлган ижтимоий ва сиёсий кескинликнинг кучайишига олиб келади.

Ушбу фавқулодда ноаниқлик шароитида минтақа мамлакатлари келажакдаги қийин пайтларга тайёргарлик кўриш учун трансформацион йўлга кириш имкониятига эга. Ҳукуматлар шошилинч қисқа муддатли муаммоларни ҳал қилиш учун қатъий чоралар кўришлари керак, лекин бунда иқтисодий ўсишга ёрдам берувчи таркибий ислоҳотларнинг аҳамиятини унутмасликлари керак. Энг муҳими, улар ўз мамлакатларининг келажакдаги зарбаларга дош бериш қобилиятини кучайтиришга сармоя киритишлари керак.

Бунинг учун марказий банклар биринчи навбатда иқтисодий барқарорлик ва аҳолининг кам таъминланган қатламини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган инфляцияни назорат остига олишлари керак. 2023 йилда КМО минтақасида инфляция икки хонали даражада сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда. Товар нархларининг юқорилиги қисман сабабчи бўлсада, талаб босими ҳам кучаймоқда ва иш ҳақи ортиб бормоқда. Бунга жавобан минтақа марказий банклари аллақачон фоиз ставкаларини оширган. Бироқ, инфляция илдиз отган мамлакатларда буни янада ошириш керак бўлиши мумкин.

Катта бюджет тақчиллигига эга бўлган мамлакатлар солиқ базасини кенгайтиришга ва камбағалликни камайтиришга қаратилган инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва таълимга сарфланадиган харажатларни ошириш учун ресурсларни бўшатиш учун камроқ устувор харажатларни қисқартиришга интилиши керак. Аҳолининг энг заиф қатламларига мақсадли ёрдам кўрсатиш қашшоқлик ва тенгсизлик билан боғлиқ хавфларни камайтиришга ёрдам беради. Шу билан бирга, ижтимоий хавфсизлик тармоқларини кучайтириш қашшоқликнинг ўсишини тўхтатишга ёрдам беради ва мамлакатларни келажакдаги зарбаларга яхшироқ жавоб беришга тайёрлайди. Нефть экспортчилари ўзларининг диверсификация режаларини амалга ошириш учун кутилмаган нефть даромадларини капиталлаштириш имкониятига эга.

Бироқ, қисқа муддатли муаммоларни ҳал қилиш билан бирга, трансформатив ислоҳотларни давом эттириш келажакдаги зарбаларга чидамлиликни ошириш ва имкониятларни кенгайтиришга ёрдам беради. КМО минтақасида ўрта муддатли иқтисодий ўсиш 3,5 фоизга тушиши тахмин қилинмоқда — бу олдинги даврлар учун ўртача қийматнинг атиги ярми демакдир.

Узоқ муддатли тузилмавий муаммоларни ҳал қилиш учун ҳозирданоқ ислоҳотлар амалга оширилса, минтақа яхшироқ натижаларга эришиши мумкин. Иқтисодий инклюзивликни ошириш ва барқарорликни оширишга қаратилган ислоҳотларга устувор аҳамият бериш: солиқ тизимларини янада адолатли бўлиши учун қайта лойиҳалаш, норасмий сектор улушини камайтириш, хусусий сектор ривожланишини қўллаб-қувватлаш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича чора-тадбирлар кўриш керак. Бундан ташқари, кўчиб келган ишчилар ва компанияларни интеграциялаш ва уларнинг ривожланишига имкон бериш мамлакатларнинг иқтисодий ўсиш истиқболларини мустаҳкамлайди.

КМО мамлакатлари пандемия туфайли юзага келган инқирозни яхши енгди. Украинадаги урушнинг дастлабки иккиламчи таъсирлари ҳозирча яхши ушлаб турилмоқда. Бироқ, ноаниқ истиқболлар ва олдинда турган қийин муаммолар дадил қарорлар қабул қилишни талаб қилади. Бироқ, мамлакатларнинг ушбу муаммолар билан ёлғиз шуғулланишларига тўғри келмайди. ХВЖ уларга ёрдам беришга тайёр ишончли ҳамкордир.

Муаллифлар фикри таҳририят нуқтаи назари билан мос келмаслиги мумкин.