10−11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Туркий давлатлар ташкилоти саммити муносабати билан Самарқанд шаҳрига кириш йўллари ёпилади. Бу ҳақда ЙҲХХ маълум қилди.

«Вилоят ҳудудидан транзит ўтувчи транспорт воситалари учун айланма ҳаракат ташкил этилганлигини ва махсус флайерлар ишлаб чиқилганлигини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Ҳайдовчилар флайердаги QR код орқали йўлларда ҳаракатланишлари учун рухсат этилган айланма йўллардан мобил илова орқали ҳам кўришлари мумкин.

Бундан ташқари, ушбу кунларда Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида ҳаракат вақтинчалик чекланади.

Ҳаракат қатнови чекланган кўчаларда тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятлар бўлинмалари транспорт воситаларига истисно тариқасида ҳаракатланиш учун рухсат берилади.

Бундан аввал, Самарқанд аэропорти тўрт кун — 8−11 ноябрь кунлари ёпилиши ҳамда Самарқанднинг Ўзбекистон — Тожикистон чегарасидаги «Жартепа» чегара божхона постида 5−12 ноябрь кунлари фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракатланиши вақтинчалик чекланиши маълум қилинганди.