«Жартепа» чегара божхона постида фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракатланишига вақтинчалик чеклов ўрнатилди, дея хабар қилмоқда Самарқанд вилояти ИИБ.

«Фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида „Жартепа“ чегара божхона постида жойлашган биноларни капитал таъмирлаш ва ҳудудда ободонлаштириш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли, 2022 йилнинг 5−12 ноябрь кунлари мазкур божхона пости орқали фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишларига вақтинчалик чеклов жорий этилди», — дея қайд этилган хабарда.

Мазкур чеклов қуйидаги ҳолатларда тадбиқ этилмайди:

  • дипломатик ва халқаро ташкилотлар ходимларига;
  • расмий (ҳукумат) делегациялар таркибига кирувчи шахсларга;
  • республикада инвестиция лойиҳалари доирасида фаолият юритиб келаётган хорижий ташкилотлар ходимларига;
  • халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга;
  • мамлакатда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга;
  • Тожикистон давлатида доимий яшовчи Ўзбекистон фуқароларига;
  • ўз юртига қайтаётган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларига;
  • Тожикистонга кетаётган учинчи давлат фуқароларига.

Аввалроқ, Самарқанд аэропорти Туркий давлатлар ташкилотининг саммити ўтадиган кунларда ёпилиши ҳақида хабар қилинганди.