2022 йил Афғонистондаги кўкнори етиштирувчилар учун сўнгги вақтларда энг даромадли йил бўлди: нархларнинг ошиши ортидан кўкнори етиштириш қарийб учдан бир қисмга ошган. Бу «Толибон» мамлакат ҳокимиятини эгаллаб олганидан кейин кучайган гуманитар ва иқтисодий инқироз шароитида юз берди, дея хабар беради БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси.

«Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш — сўнги маълумотлар ва янги таҳдидлар» ташкилотнинг 2021 йил августида Толибон ҳокимиятга қайтганидан кейин ноқонуний «опий» савдоси ҳақидаги биринчи ҳисоботидир.

Афюн нафақат гиёҳванд моддалар сотувчилари томонидан тарқатиладиган героиннинг асосий таркибий қисми, балки бутун дунё бўйлаб миллионлаб беморлар оғриқ қолдирувчи сифатида уларга таянадиган рецепт бўйича «опий» препаратлари синфидир, дейилади ҳисоботда. Шу билан бирга, бир қатор мамлакатларда, масалан, АҚШда бундай дориларни суиистеъмол қилиш кучаймоқда ва «опий»ларга қарамлик муаммоси кенг тарқалган.

Тақиқлаш керакми ёки йўқ?

2022 йил апрель ойида Афғонистон муваққат ҳукумати кўкнори бошоқлари уруғи ва ундан наркотик моддалар ишлаб чиқариладиган барча ўсимликлар етиштиришни қатъиян ман қилди. Бироқ, Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармада кўрсатилганидек, бу йилги ҳосил ушбу фармонга бўйсунмаган.

Аммо Афғонистондаги фермерлар энди келаси йил афюн экиш ёки етиштириш борасида қийин қарорга дуч келишмоқда: Толибон тақиқни қанчалик жиддий бажаришини талаб қилиши ҳали номаълум. 2023 йилнинг асосий ҳосили учун экиш ишлари жорий йилнинг ноябрь ойи бошига қадар якунланиши керак.

«Афғонистонлик фермерлар ноқонуний кўкнори иқтисодиёти тузоғига тушиб қолган ва мамлакатда опий мусодарасининг кўпайиши гиёҳванд моддалар савдоси тўхтовсиз давом этаётганидан далолат беради», дея таъкидлади БМТГМЖБ ижрочи директори Гада Вали.

Ташкилот хулосаларига кўра, Афғонистонда 2022 йилда кўкнори етиштириладиган майдонлар ўтган йилга нисбатан 32% га ошган ва 233 минг гектарни ташкил қилган. Бу мониторинг бошланганидан бери учинчи йирик кўрсаткичдир. Умумий экин майдонларининг 73%и республиканинг жануби-ғарбий вилоятларида тўпланган. Ҳосилдорликнинг энг катта ўсиши ҳам ўша эрда қайд этилган. Шундай қилиб, Ҳилманд вилоятида барча экин майдонларининг бешдан бир қисми кўкнори етиштириш учун ажратилган.

Даромад уч баравар кўпайди

Апрель ойида кўкнори етиштириш тақиқлангани эълон қилинганидан бошлаб «опий» нархи кескин ошди. Айни пайтда афғон фермерларининг кўкнори сотишдан олган даромади уч баробардан кўпроққа ошиб, 2021 йилдаги 425 миллион доллардан 2022 йилда 1,4 миллиард долларга етган.

Бу кўрсаткич мамлакат қишлоқ хўжалиги олган умумий даромаднинг деярли учдан бирига тенг. 2021 йилда кўкнори сотиш Афғонистон қишлоқ хўжалиги даромадининг атиги 9%ини ташкил этди.

Бироқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастури (БМТТД) томонидан яқинда ўтказилган таҳлилга кўра, даромадларнинг ўсиши ҳар доим ҳам одамларнинг харид қобилияти ёки фаровонлиги ошишига олиб келмаган: ушбу даврда инфляция кескин ошди, озиқ-овқат нархлари эса ўртача 35% га ўсди.

БМТТД ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда йиғиб олинган кўкнори ҳосилининг 350−380 тонна экспортидан 50−70% сифатли тозаликдаги героин ишлаб чиқариш мумкин.

Наркобизнесга қарши курашни кучайтириш

БМТГМЖБ (UNODC) томонидан Афғонистондан олиб келиниб, мусодара қилинган гиёҳванд моддаларни ташиш бўйича тўпланган маълумотлар шуни кўрсатадики, 2021 йил августидан буён мамлакатда ҳукумат алмашгандан буён «опий» савдоси тўхтамаган. Афғон жўнатмалари дунёдаги барча опийдан фойдаланувчиларнинг қарийб 80%ини таъминлайди.

«Халқаро ҳамжамият афғон халқига ўзининг асосий эҳтиёжларини қондиришда ёрдам бериши ва бутун дунё бўйлаб одамларга зарар етказувчи героин савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳларни тўхтатиш бўйича чора-тадбирларни кучайтириши керак», — деди Гада Вали.