Ҳукуматнинг «Сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги [631-сон] қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Қарорга мувофиқ мажбурий рақамли маркировкалашни бошлаш муддати ва маҳсулот турлари гуруҳлар бўйича белгиланди:

  • биринчи гуруҳ — ачитилмаган ва таркибига спирт қўшилмаган, шакар ёки бошқа ширинлик қўшилган ёки қўшилмаган мева шарбатлари (узум шираси мустасно) ва сабзавот шарбатлари, шунингдек, газланган ҳамда газланмаган сув ва ичимликлар — 2023 йил 1 июлдан бошлаб;
  • иккинчи гуруҳ — металл, шу жумладан, алюмин идишдаги сув ва салқин ичимликлар — 2024 йил 1 августдан бошлаб.

Қарор билан:

  • рақамли маркировкаланадиган сув ва салқин ичимликларнинг идентификация кодлари рўйхати;
  • ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи, улгуржи ва чакана савдо ташкилотлари томонидан сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш графиклари;
  • сув ва салқин ичимликларни идентификация воситалари орқали рақамли маркировкалаш хусусиятлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Шуниндек, рақамли маркировкалаш тартиби жорий қилинган кундан бошлаб:

  • оператор томонидан мажбурий рақамли маркировкаланиши белгиланган сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш учун маркировка кодлари мазкур маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларга ва импорт қилувчиларга тегишли буюртма асосида тақдим этилиши;
  • Ўзбекистон Республикасида ПEТ қадоқларида ярим (0,5) литр ва ундан ошмаган ҳолда ишлаб чиқарилган газланмаган сувларни мажбурий рақамли маркировкалашда идентификация воситаларини шакллантириш мақсадида рақамли маркировка кодлари оператор томонидан бепул тақдим этилиши;
  • 2023 йил 1 июлдан эътиборан тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни импорт қилувчилар зиммасига божхона юк декларациясида импорт қилинадиган маҳсулотлар бўйича агрегацияланган импорт кодини акс эттириш мажбурияти юкланиши белгиланди.

Сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкалаш тартиби жорий қилинган кундан:

  • тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни мажбурий рақамли маркировкасиз маҳаллий ишлаб чиқариш (экспорт учун ишлаб чиқариш бундан мустасно) тақиқланиши;
  • Республика ҳудудига импорт қилинаётган сув ва салқин ичимликларнинг агрегацияланган импорт коди бўйича маълумотларни божхона юк декларациясида кўрсатилмасдан, «эркин муомалага чиқариш» божхона режимида расмийлаштириш тақиқланиши;
  • олти ой мобайнида тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар томонидан рақамли маркировкаланмаган сув ва салқин ичимликлар қолдиқларини сотишга рухсат берилиши;
  • тўққиз ой мобайнида тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни улгуржи савдо ташкилотлари томонидан рақамли маркировкаланмаган сув ва салқин ичимликлар қолдиқларини сотишга рухсат берилиши;
  • тўққиз ой ўтгач тегишли гуруҳдаги сув ва салқин ичимликларни маҳсулотлар айланмаси иштирокчилари ўртасида тақсимлашни фақат электрон ҳисобварақ — фактураларга маркировка кодлари тўғрисидаги маълумотларни киритган ҳамда «Асл белгиси» МАТга маълумот юборган ҳолда амалга оширилиши;
  • тегишли гуруҳлар учун белгиланган мажбурий рақамли маркировкалаш санасига қадар ишлаб чиқарилган ва юқорида белгиланган муддатда эркин муомалага киритилган сув ва салқин ичимликларни чакана савдо ташкилотлари томонидан ўн икки ойдан кўп бўлмаган муддатда идентификация воситаларисиз сотишга рухсат берилиши қайд этилган.

Маълумот учун, ВМнинг тегишли қарори билан, 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда халқаро стандартлар талабларига асосланган маҳсулотларни ихтиёрий экологик маркировкалаш тизими жорий этилди.

Мос равишда ўша йили «Asl belgisi» маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиб бориш миллий ахборот тизими ишга туширилди. Тизим оператори Россияда товарларни маркировкалаш тизимининг ягона оператори бўлган Россия илғор технологияларни ривожлантириш маркази (ЦРПТ) томонидан яратилган CRPT Turon бўлди, унинг акциядори Алишер Усмоновнинг USM Holding компанияси ҳисобланади.

Жорий йилнинг 15 апрелидан маиший техника воситаларини, 1 сентябрдан дори ва тиббий буюмларни мажбурий рақамли маркировкалаш жорий этилганди.