Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида лойиҳа қиймати 115 млн долларлик жами 18 000 ўринли 17 та талабалар турар жойларини қуриш бўйича Маслаҳат хизмати битими имзоланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатга Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Зокир Бозоров ва ЕТТБнинг Барқарор инфратузилма сиёсати ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш бўйича директори Месю Жортан-Танк имзо чекди.

17 та турар-жойнинг умумий қиймати 115 млн доллар миқдорида баҳоланмоқда. ЕТТБ Ўзбекистонга объектлар қурилиши учун инвесторларни топишда ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 9 cентябрда талабалар учун давлат-хусусий шериклик асосида турар жойлар қурилиши бўйича ҳукумат қарори қабул қилинганди. Унга кўра, республика бўйича жами 228 та талабалар турар жойлари (400 ўринли) барпо этилиши белгиланган. Шундан ҳудудларда 2022 йилда 47 та, 2023 йилда 67 та, 2024 йилда 62 та, 2025 йилда 52 та талабалар турар жойлари қурилиши кўзда тутилган.

Режага кўра, 2022 йилда Ўзбекистон бўйича ДХШ асосида 47 та ётоқхона қурилиши керак эди. Аммо июлгача фақатгина 2 та университетда ётоқхона қуриб топширилган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов 9 сентябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида ишлар кечикишини ДХШ асосида талабаларга турар жой қуриш таклифига тадбиркорлар қизиқмагани билан изоҳлаган.

«Президентимиз томонидан субсидиялар миқдори уч баробарга оширилиб, тадбиркорларга мулкка эгалик ҳуқуқининг 22 фоизи берилгач, май ойидан 8 тадбиркордан ташаббус билдирилди. Қонунчиликка кўра, тадбиркорлар ҳам танлаб олинади. Чунки у ерда манфаатлар тўқнашуви бўлмаслиги керак. Мана шу жараёнлар вақтни бироз чўзди. Шунинг учун бу йилда бироз кечикиш бўлади. Келгуси йили буни етказиб оламиз», — дея таъкидлаганди Бузрукхонов.