Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2020−2021 ўқув йили бошида Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари сони 127 тани ташкил этган. Уларнинг 88 тасида талабалар учун ётоқхоналар мавжуд.

Шунингдек, Ўзбекистонда 2020−2021 ўқув йили бошида 20 та хорижий олий таълим муассасаи мавжуд экани қайд этилган.

Энг кўп ётоқхона Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, жами 31 тани ташкил қилади.

2020−2021 ўқув йили бошидаги ҳолатга кўра, вилоятларда фаолият юритаётган олий таълим муассасаларидаги талабалар ётоқхоналари сони:

  • Самарқанд вилояти — 9 та
  • Фарғона вилояти — 8 та
  • Сурхондарё вилояти — 6 та
  • Андижон вилояти — 5 та
  • Қашқадарё вилояти — 5 та
  • Қорақалпоғистон Р. — 4 та
  • Бухоро вилояти — 4 та
  • Тошкент вилояти — 4 та
  • Наманган вилояти — 3 та
  • Хоразм вилояти — 3 та
  • Жиззах вилояти — 3 та
  • Навоий вилояти — 2 та
  • Сирдарё вилояти — 1 та.

Эслатиб ўтамиз, йил бошида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда 2021−2023 йилларда «Талабалар уйлари» ташкил этиш дастури ишлаб чиқилишини маълум қилганди. Шунингдек, президент ётоқхона ўринлари сонини ошириш учун жорий йилда бюджетдан 50 миллиард сўм ажратилишини айтиб ўтганди.

9 сентябрда талабалар учун давлат-хусусий шериклик асосида турар жойлар қурилиши бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, республика бўйича жами 228 та талабалар турар жойлари (400 ўринли) барпо этилади. Шундан ҳудудларда 2022 йилда 47 та, 2023 йилда 67 та, 2024 йилда 62 та, 2025 йилда 52 та талабалар турар жойларининг қурилиши белгиланган.

Бундан олдин ижарада яшаётган талабаларга ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджетидан қоплаб бериш тўғрисидаги низом тасдиқланган эди.