Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасидаги «Ғишткўприк» чегара-божхона постида (Қозоғистон томондаги пост «Жибек жоли» деб аталади) реконструкция ва модернизация ишлари бошланди. Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) матбуот хизматининг хабар беришича, қўмита раиси Акмалхўжа Мавлонов 3 ноябрь куни постда олиб борилаётган ишлар билан танишган.

Реконструкция ишлари президентнинг 27 апрелдаги фармонига асосан олиб борилмоқда. Куни кеча Қозоғистон билан чегарадаги бошқа — «Навоий» («Қоплонбек») постида ҳам таъмирлаш ишлари бошланиши маълум қилинган эди.

Реконструкция ишлари давомида пост ўз ишини давом эттиради, транспорт воситалари ва жисмоний шахслар ҳаракати параллел равишда амалга оширилади, бунинг учун зарур куч ва воситалар жалб этилади, дея маълум қилди ДБҚ.

Лойиҳага кўра, пост ҳудуди 1,5 гектарга кенгайтирилади, бу эса унинг ўтказувчанлик қобилиятини 350 автотранспортдан 1000 автотранспортгача ҳамда 30 минг кишидан 50 минг кишигача ошириш имконини беради.

Шунингдек, Тошкент шаҳридан чиқишдаги «Уч қаҳрамон» постидан то «Ғишткўприк» постигача бўлган 11 километрлик йўлни ҳам, йўлбўйи инфратузилмаларини ташкил этган ҳолда, реконструкция қилиш кўзда тутилган.

Фото

Фото: Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати