Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Марказий Осиё давлатларига амалга оширган ташрифи давомида минтақа мамлакатларини Германия билан ҳамкорлик қилишга чақирди, деб хабар берди Deutsche Welle нашри.

Германия ТИВ раҳбарининг Ўзбекистон ва Қозоғистонга ташрифи собиқ Иттифоқ республикаларига ҳамкорлик сигналини беради, деди у 1 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан бўлиб ўтган музокарадан сўнг.

Журналистлар олдидаги нутқида Анналена Бербок Марказий Осиёда Россия ва Хитойнинг тўғридан-тўғри таъсири ўсишига йўл қўймасликка чақирди.

Пойтахтда ТИВ раҳбари расмий кун тартибидан ташқари, 1963 йилдан буён немис тили ўргатиб келинаётган мактабга ташриф буюрди. Шунингдек, Анналена Бербок Олмалиқ КМКни ҳам бориб кўрди. Қолаверса, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германия ТИВ раҳбарини қабул қилди.


Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

«Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳамкорликни кенгайтириш орқали Берлин тоғ-кон саноати соҳасида Хитойга қарамликни камайтиришга умид қилмоқда», — деб ёзади Deutsche Welle.

«Европанинг кўплаб компаниялари Ўзбекистонга сармоя киритишни хоҳлаяпти. Мана шунинг учун ҳам менга бизнес делегацияси ҳамроҳлик қилмоқда. Инвестицияларни энг яхши ҳимоя қилиш йўли — бу инсон ҳуқуқлари ҳимоясидир», — деди ўзининг Twitter`даги саҳифасида Анналена Бербок.

«Бошқалар Ўзбекистонни ўзларининг таъсир доираси остига олишни истайди. Биз тенг асосдаги: ҳаққоний, шаффоф ва чалғитувчи қийин кредитларсиз ҳамкорлик қилишни хоҳлаймиз. Европа Ўзбекистон яхши қўшни бўлишини хоҳлайди. Инвестициялар ҳақида гап кетганда, биз бўйсунишга эмас, балки ҳуқуқий аниқликка таянамиз», — дея таъкидлади Германия ТИВ раҳбари.

Шунингдек, Анналена Бербок Владимир Норов билан бўлган музокаралардан сўнг ўтказилган брифингда Афғонистон бўйича ҳам бир қанча баёнотлар берди, деб хабар қилди Kun.uz нашри.

«Ўша [2021 йил сентябрь ойида Афғонистонда Толибон ҳокимият тепасига келган] кундан бери ҳаёт сиз учун осон бўлмай қолди. Ахир, инқирозлар ўчоғи сизнинг остонангизда. Ўтган йилнинг ёзидан бери толиблар аёлларни эркинлик ва таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб келмоқда. Шунинг учун ҳам афғонлар қўрқувда яшайди, чунки яшаш ва омон қолиш — икки хил тушунча», — деди у.

«Ҳозирги вақтда федерал ҳукумат ҳар ой минглаб одамларни Ўзбекистон орқали Германияга олиб кетишга қарор қилди», — деди Анналена Бербок. —  Бу биринчи навбатда, энг кўп босим остида қолаётган Афғонистон фуқаролари бўлади".

Германия ТИВ раҳбари ушбу жараённи ташкил этиш масаласини Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан муҳокама қилганини таъкидлади.


Фото: Германия ТИВ / Twitter.

Брифингдан сўнг Владимир Норов Ўзбекистон Афғонистонга ёрдам бераётгани, у ерда тинчлик ўрнатиш ва гуманитар инқирознинг олдини олишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади. У, шунингдек, халқаро ҳамжамият Афғонистоннинг хориждаги музлатилган активларини қайтариш ва у ердаги инфратузилмани тиклашда ёрдам бериши керак, деган фикрни билдирди.

Владимир Норовнинг жавобидан сўнг Анналена Бербок бу масалада Ўзбекистон билан ҳамфикр эмаслиги ва Германия Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати ҳаракатларига қарши эканини билдирди.

«Афғонистон фуқароларини тақдир ҳукмига топширишга ҳаққимиз йўқ ва биз бундай қилмаймиз. Сўнгги ойларда биз инқироз ва у ерда содир бўлаётган вазиятларни кузатиб турибмиз. Қиш келмоқда ва у ўзи билан бир қатор муаммоларни олиб келади. [Германия] Федерал ҳукумати Афғонистондаги одамларга ёрдам беришда давом этади. Биз Ўзбекистоннинг Афғонистондаги фаолиятини юқори баҳолаймиз ва олқишлаймиз», — деди у.

«Аммо нима бўлганда ҳам, биз Ўзбекистон билан бу масалада турлича қарашларга эга эканимизни англадим. Чунки биз „Толибон“ Афғонистонда одамларнинг эркинлигини ўғрилади деб ҳисоблаймиз. Фурсатдан фойдаланиб айтмоқчиманки, биз Афғонистоннинг амалдаги ҳукумати қилаётган ишларга қаршимиз», — деди Анналена Бербок.


Фото: Германия ТИВ / Twitter

Эслатив ўтамиз, 2021 йилдаги ШҲТ саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев илк маротаба Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳисобга олган ҳолда хориж банкларидаги афғон активларини қайтаришга таклиф чақирганди. Шундан бери бу чорлов доимий равишда таъкидлаб келинмоқда. «Газета.uz» мазкур активлар ҳақида сўзлаб берганди.

Яқинда бўлиб ўтган «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» саммитида Шавкат Мирзиёев шундай деганди: «Бизни қиш келиши билан Афғонистондаги гуманитар вазиятнинг кескинлашуви қаттиқ безовта қилмоқда. Гап у ерда яшаётган, ижтимоий кафолатлардан маҳрум бўлган миллионлаб одамларнинг оғир аҳволи ҳақида бормоқда. Ушбу комплекс муаммони мамлакатнинг амалдаги ҳокимияти ҳам, қўшни давлатлар ҳам мустақил равишда ҳал қила олмайди. Бу ерда бутун халқаро ҳамжамиятнинг мувофиқлаштирилган ҳаракати ва ҳақиқий кўмаги зарур».