1 ноябрь — Chevrolet Onix автомобили сотувининг биринчи кунида рекорд даражада 28 мингдан ортиқ мижоз машина хариди учун шартнома имзолади. Ўша куни жами 30 мингга яқин автомобиль учун шартнома тузилган. UzAutoMotors бу бошқа кунлардаги ўртача шартномалар сонидан қарийб 30 бараварга кўп бўлганини маълум қилди.

Ишлаб чиқарувчиларнинг фикрига кўра, ушбу кўрсаткич UzAutoMotors учун мутлақ рекорд. Бу «Chevrolet Onix`нинг мутлақо муваффақиятидан далолат беради» ва «аҳоли фаровонлигининг сезиларли даражада яхшиланганини ҳамда иқтисодиётнинг ошганини яққол кўрсатиб турибди», дейилади хабарда.

Chevrolet Onix`га тузилган шарномаларнинг кўп қисми яъни 61 фоизи автомобилнинг топ комплектацияси учун тузилган. Тахминан 45% улуш бирдан ортиқ автомобилни харид қилмоқчи бўлганлар ҳисобига тўғри келади.

Компания бозорни «истеъмолчиларга муносиб бўлган, энг илғор опциялар билан жиҳозланган, замонавий автомобиллар билан тўлдириш» учун «максимал даражада бор куч-ғайрати билан ҳаракат қилиш»ини маълум қилди.

2021 йилнинг 2 март куни «Uzavto Motors» заводига уюштирилган пресс-тур давомида компания директори в.б. Рустам Ражабов «Chevrolet Onix» машинасининг Ўзбекистондаги нархи 9−12 минг АҚШ долларини ташкил этишини таъкидлаганди. Бироқ ҳозирда автомобилга бундан анча қимматроқ этиб белгиланди.

ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда нархлар қуйидагича кўринишга эга:

  • 1,2 МТ Соддалаштирилган комплектация — 110 000 000 сўм;
  • 1ЛС 1,2 МТ — 133 040 000 сўм;
  • 3ЛТ 1.2 МТ — 141 960 000 сўм;
  • ЛТЗ 1,2 Турбо АТ — 165 180 000 сўм.