Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 2 ноябрь куни январь воқеалари иштирокчиларининг бир қисми озод қилишни кўзда тутган «Амнистия тўғрисида»ги қонунни имзолади, деб хабар бермоқда Zakon.kz сайти Акордага таяниб.

Қозоғистон Бош прокуратураси аввалроқ умумий ҳисобда 1500 га яқин шахс амнистияга тушиши ҳақида хабар берган эди.

Қонуннинг асосий мақсади 4−7 январь кунлари бўлган оммавий тартибсизликлар шароитида «иғвогарлар таъсирига тушиб қолган ва жиноий ҳаракатлар содир этган» шахсларни, шунингдек, январь воқеалари пайтида ноқонуний хатти-ҳаракатларга барҳам беришда жиноий ҳуқуқбузарликларни содир этган ҳарбий хизматчилар жазолаш муддатларини қисқартириш ва жазони ўташдан озод қилишдан иборат.

Бундан ташқари, ҳужжат, жиноий ҳуқуқбузарликлар, кичик ва ўртача оғирликдаги жиноятлар содир этган тартибсизликлар иштирокчиларига нисбатан жиноят ишларини тугатиш, бундай қилмишлар учун айбдор деб топилган шахсларни жазодан озод қилиш, шунингдек, бу каби ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслардан судланганлик ҳукмини олиб ташлашни назарда тутади.

Оғир жиноят содир этган шахсларга нисбатан судлар томонидан тайинланган жазо тўртдан уч қисмга, ўта оғир жиноятлар учун эса икки баравар камайтирилади.

Террористик, экстремистик, коррупцияга оид жиноятлар, давлатга хиёнат қилиш, қийноқлар, жиноятлар такрорланган ёки хавфли такрорланган тақдирда, оммавий тартибсизликлар, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан амнистия татбиқ этилмайди.

Қасим-Жомарт Тоқаев 1 сентябрь куни Қозоғистон халқига мурожаатида амнистия эълон қилиниши ҳақида айтган эди.