Ўзгидромет чоршанба куни республиканинг барча ҳудудларида ёмғир ёғиши, айниқса, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг баъзи жойларида кучли бўлишини маълум қилганди.

2 ноябрь кун давомида ёмғир ёғиши оқибатида Тошкентнинг айрим кўчаларида сув тошиши кузатилди. Транспорт ҳаракати секинлашиб, йўлларда тирбандликлар юзага келди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ушбу тошқинларга ягона сабаб сифатида йул ва ариқларга ташланган чиқиндилар эканини маълум қилди.

«Шу кунларда коммунал ва ободонлаштириш соҳаси вакилларининг асосий кучлари ариқлар ва дренаж тизимларидаги чиқиндиларни чиқаришга ва сув йўлларини очишга қаратилган. Ушбу вазиятнинг ягона сабаби — чиқиндиларнинг белгиланган жойларга эмас, балки йўлларга ва ариқларга ташлаб кетилиши. Келажакда бундай ҳолатлар қайтарилмаслиги учун чиқиндиларни фақат белгиланган жойга ташлашингизни, бу орқали, пойтахтимиз озодалигига ўз ҳиссангизни қўшишингизни сўраймиз!», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Telegram каналларида тарқалган баъзи видео ва суратларда мутасадди ва кўнгиллилар сув тошқинини бартараф этиш учун ариқларни тозалаётганини кўриш мумкин. Бироқ ҳокимлик хабарида дренаж тизимининг ҳолати ҳақида эса маълумот берилмаган.