Ўзгидромет республикада ҳафта ёғингарчилик билан ўтишини маълум қилди.

31 октябрь душанба куни мамлакат ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ҳаво ҳарорати кундузи +13…+18 даражани ташкил этади, жанубда ва чўл ҳудудларда +19…+21 даражагача бўлади.

Ноябрь ойининг биринчи куни — сешанбада республика шимолига нам булутли массивлар кириб келиши бошланади, бунинг ҳисобига Қорақалпоғистон Республикаси ва кечга томон Хоразм вилояти бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғади. Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида қуруқ ва илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кечаси +2…+7, кундуз куни +16…+21 даражани ташкил этади, жанубда ва чўл ҳудудларида +23…+25 даражагача кўтарилади.

Чоршанба куни республиканинг барча ҳудудлари нам ҳаво массалари таъсири остида бўлади. Республика бўйича ёмғир ёғади, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда кучли бўлади. Шимоли-ғарбий ҳудудларда бироз ёмғир ёғади. Кундузги ҳарорат +12…+17 даражагача пасайиши кутилмоқда.

Пайшанба ва жума кунлари республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир ёғади. Ушбу кунларда ҳарорат кечалари +5…+10, кундуз кунлари +12…+17 даражани ташкил этади.

31 октябрдан 2 ноябргача баъзи жойларда шамол 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши эҳтимоли бор.