Россия Қуролли кучлари Бош штаби ҳарбий округлар қўмондонларига 1 ноябрга қадар қисман сафарбарлик тадбирлари якунлангани тўғрисида ҳисобот бериш бўйича кўрсатмалар юборди, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги.

Эслатиб ўтамиз, президент Владимир Путин 21 сентябрь куни қисман сафарбарлик тўғрисида эълон қилган эди. Қайд этиш жоизки, тегишли қарорда (унинг очиқ бандларида) сафарбарликни якунлаш муддатлари белгиланмаган.

«Мазкур кўрсатмаларга мувофиқ, ижро ҳокимияти субъектлари билан биргаликда захирадаги РФ фуқароларини ҳарбий комиссариатларга ҳарбий хизматга чақириш билан боғлиқ барча тадбирлар тўхтатилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ҳарбий комиссариатларнинг хабардор қилиш участка ва штаблари, фуқароларни қабул қилиш пунктлари ҳамда сафарбарлик тадбирларини ўтказиш учун фойдаланиладиган бинолар эндиликда бўшатилиб, аввалги мақсадларида фойдаланилиши қайд этилган.

Сафарбарликка жалб этилган ҳарбий комиссарликларнинг шахсий таркибига 31 октябрдан бошлаб одатдагидек ўз хизмат вазифаларига қайтиш ҳақида буйруқ берилди.

«РФ Қуролли Кучлари чақирув бўйича ҳарбий комиссариатларининг келгусидаги фаолияти фақатгина кўнгиллилар ҳамда шартнома бўйича ҳарбий хизматга номзодларни қабул қилиш йўли билан ташкил этилади», — дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.

Ўтган жума, 28 октябрь куни мудофаа вазири Сергей Шойгу Владимир Путинга 300 минг кишини сафарбар этиш бўйича топшириқ бажарилгани ҳақида ҳисобот берди — ҳозирда ўқув марказлари ва полигонларда 218 минг фуқаро тайёргарликдан ўтказилмоқда, 82 минг киши жанговар ҳудудларга жўнатилган.