Ички ишлар вазирлигининг озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қарор лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳага кўра, жазони ижро этиш муассасаларининг ички тартиб қоидаларига бир қатор қўшимчалар киритилади. Хусусан, ЖИЭМларда сақланаётган маҳкумлар электрон давлат хизматлари, шу жумладан нотариат хизматларидан фойдаланиши учун муассаса маъмурияти томонидан алоҳида хона ажратилади.

Мазкур хона веб-камера ҳамда Жаҳон ахборот интернет тармоғига уланган компьютер техникаси билан жиҳозланади.

Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қўшимчалар Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Олий суди билан келишилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўташ даврида бажарилган ҳар қандай иш, агар ушбу иш учун ижтимоий солиқ тўланган бўлса, иш стажига қўшиб ҳисобланиши, шунингдек, жазони ўтаб бўлган шахсларга «Дастлабки ижтимоий-моддий ёрдам пакети» бериш таклиф қилинганди.

Бундан ташқари, январь ойида талабалик даврида қамалган маҳкумларга ўқишини давом эттириш имкониятларини яратиш, жазони ўтаётган шахсларни ОТМларга онлайн тарзда қабул қилиш тартибини белгилаш бўйича президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилганди.