Бейбут Бакирович Атамкулов Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланди, деб хабар қилди мамлакат раҳбарининг матбуот хизмати президент фармонига таяниб.

Kapital.kz маълумотларига кўра, у 1964 йилда туғилган, Қозоғистон политехника институтини муҳандис-металлург мутахассислиги бўйича тамомлаган, Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт ва молия университетида иқтисод фанлари номзоди даражасини олган.

Меҳнат фаолиятини Норилск кон-металлургия комбинати мис эритиш заводида эритувчи сифатида бошлаган. 1991 йилдан 2006 йилгача хусусий секторда — саноат корхоналарини бошқаришда ишлаган.

2006 йилда Қозоғистоннинг Россиядаги, сўнгра Эрондаги элчихонаси маслаҳатчиси, 2008 йилда эса Франкфурт-Майндаги мамлакат бош консули лавозимларига тайинланган. 2010−2012 йилларда Қозоғистоннинг Малайзия, Индонезия, Бруней-Даруссалам, Филиппиндаги элчиси сифатида фаолият юритган.

2012−2014 йилларда Саноат ва янги технологиялар вазирлиги, 2014−2015 йилларда Инвестициялар ва тараққиёт вазирлиги масъул котиби лавозимларида ишлаган.

Шунингдек, 2015 йил августидан Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими, 2016 йил 7 октябрда Қозоғистон мудофаа ва аэрокосмик саноат вазири этиб тайинланганди.

2018−2019 йилларда Бейбут Атамкулов Қозоғистон ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаган. 2019 йилнинг сентябридан 2022 йилнинг январигача саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлигини бошқарган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдан буён Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси лавозимида ишлаб келган Дархон Сатибалди август ойида ўз миссиясини якунлаб, жанубда Ўзбекистон билан чегарадош Туркистон вилоятига ҳоким этиб тайинланганди.