Рейкьявикда (Исландия) Фишер тасодифий (рандом) шахмати бўйича жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичи якунланиб, турнир ярим финалчилари аниқланди. Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов кетма-кет тўртта учрашувда ғалаба қозониб, ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллади. Бу унинг ярим финалга йўл олишини таъминлади.

Халқаро шахмат федерацияси президенти Аркадий Дворкович турнир иштирокчилари — Нодирбек Абдусатторов ва Ян Непомняшийни қутламоқда. Фото: David Llada.

Аввал хабар берганимиздек, 25 октябрь куни бўлиб ўтган мусобақанинг биринчи кунида ҳар бир гуруҳда иккитадан ўйиндан иборат иккита учрашув ўтказилди. Нодирбек Абдусатторов (ФИДЕ рейтинги — 2713) шахмат бўйича амалдаги ва ҳозирча ягона жаҳон чемпиони Фишер Уэсли Со (2774) ва Ян Непомняшийни (2793) икки ўйин натижасига кўра мағлуб этди.

Иккинчи ўйин куни эса Хьйёрвар Гретарссонни (2533) икки учрашувда 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Учинчи куни у Ян Непомняшийдан икки марта устун келди (2:0), бироқ Уэсли Содан бир марта мағлуб бўлди, бир марта дуранг ўйнади.

Нодирбек Абдусатторов классик шахмат бўйича жаҳон чемпиони унвонига даъвогар ҳисобланган 32 ёшли Непомняшийни биринчи марта мағлуб этаётгани йўқ. Ўтган йилнинг охирида у Варшавада ўтказилган тезкор жаҳон чемпионати финалида россиялик гроссмейстерни мағлуб этиб, тезкор шахмат бўйича энг ёш жаҳон чемпионига айланган эди. Жорий йилнинг ёзида эса 2022 йилги Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон учун ёрқин ғалабани қўлга киритди. Шундан сўнг Нодирбек деярли барча нуфузли турнирларга таклиф қилинди ва у Lichess.org сайтидаги машаққатли саралаш орқали Фишер шахмати бўйича жаҳон чемпионатига йўлланма олди.

«А» гуруҳида ўринлар қуйидагича тақсимланди:

  1. Нодирбек Абдусатторов (Ўзбекистон) — 10 балл (12 баллдан);
  2. Ян Непомняший (Россия) — 7;
  3. Уэсли Со (АҚШ) — 6;
  4. Хьйёрвар Гретарссон (Исландия) — 1.

«Б» гуруҳи қуйидагича кўриниш олди:

  1. Магнус Карлсен (Норвегия) — 9;
  2. Хикару Накамура (США) — 7,5;
  3. Владимир Федосеев (Россия) — 5;
  4. Маттиас Блюбаум (Германия) — 1.

29 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 20:00да бошланадиган ярим финалда Нодирбек Абдусатторов ва Хикару Накамура, Магнус Карлсен Ян Непомняший билан куч синашади.