Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов 2022 йилда IT-хизматлари экспорти ҳажми 100 млн доллардан ортишини маълум қилди. Бу ҳақда у Самарқандда ўтказилаётган ICTWeek Uzbekistan ҳафталигининг очилиш маросимида гапириб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Вазир 2021 йилда экспортёр корхоналар сони 102 тани, эксопорт ҳажми 46 млн долларни ташкил қилганини, 2022 йилда эса бу каби корхоналар 257 тага етганини қайд этди.

«Тўққиз ойнинг ўзида экспорт билан шуғулланадиган IT-парк резидентлари шунча йилдан буён экспорт билан машғул корхоналарга қараганда 2,5 бараварга ошиб кетди. IT бўйича беш йил олдин деярли эскпорт бўлмаганди, бу йилнинг ўзида 100 млн доллардан ортиқ эскпортимиз чиқади. Кейинги бир йилнинг ичида анъанавий алоқа (мобил операторлар, почта хизматлари) эскпортига қараганда IT экспортимиз кўп бўлади. Бу ҳам IT қамровининг кенгайишига мисол бўлади», — деди Шерзод Шерматов.

Унинг айтишича, ахборот-технологиялари ҳафталигини ўтказиш мақсадларидан бири халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон ҳақидаги хабардорлигини ошириш, бу ерда аутсорс имкониятлари борлигини кўрсатишдан иборат.

Фото: Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги

«Ҳозир фақат Тошкент шаҳрида эмас, жуда кўп корхоналаримиз ҳудудларда бўляпти. [Тадбирнинг] Самарқандда бўлиши ҳам бежиз эмас, самарқандлик жуда кўп ёшларимиз, одамларимиз чет элда, айниқса, АҚШда яшайди, катта маҳаллалар, ассоциациялар бор. Чет элдаги ҳамюртларимизнинг ўзини юртига аутсорсга буюртма бериш бўйича энг биринчи вакилимиз, элчимиз сифатида таклиф қиламиз. Чунки бу ҳам уларга фойда. У ерда битта ишчини ишга олишга 10 минг доллар харажат кетадиган бўлса, бу ерда анча кам кетади», — деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шерзод Шерматов 2028 йилга қадар дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспортини 1 млрд доллардан ошириш асосий мақсад сифатида белгилаб олинганини маълум қилганди.

Шунингдек, у IT-соҳасининг бошқа соҳалар экспортидан жуда катта фарқи борлигини ва бундай экспортда Ўзбекистонда қўшилган қиймат деярли 100 фоиз бўлиши, буни амалга ошириш учун эса қўшимча импорт маҳсулот ёки хом ашё керак бўлмаслигини айтганди.