Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов 2028 йилга қадар дастурий маҳсулотлар ва хизматлар экспортини 1 млрд доллардан ошириш асосий мақсад сифатида белгилаб олинганини маълум қилди.

Вазирнинг таъкидлашича, IT-соҳасининг бошқа соҳалар экспортидан жуда катта фарқи бор. Яъни бундай экспортда Ўзбекистонда қўшилган қиймат деярли 100 фоиз бўлади, уни амалга ошириш учун қўшимча импорт маҳсулот ёки хом ашё керак бўлмайди.

«1 та экспортда ишлайдиган ходим 2000 доллар ўртача ойлик олса, бир йилда унинг маошининг ўзи 24 минг доллар экспорт даромадини олиб келади, шундай ходимларнинг сони 40 мингдан ортса, уларнинг ойлигини ўзидан деярли 1 млрд доллар экспорт даромади юртимизга кириб келади. Бу ҳали дастурий маҳсулотлар ёки стартапларни инобатга олмаганда», — деб ёзди Шерзод Шерматов.

Унинг фикрича, ёшлар ўз оиласи даврасида яшаб, яхши даромад олиб ишлаш ниятида бўлса, улар чет тили ва ахборот технологияларини ўрганишларига жуда қаттиқ эътибор қаратишлари керак. «BPO (Business process outsourcing — Бизнес жараёнларни аутсорсингга бериш — таҳр.) учун эса дастурлаш ҳам керакмас, фақат чет тилида яхши муомала қилишни билса бўлди», — дея таъкидлади у.

АКТ вазирининг қайд этишича, 4,5 йил аввал дастурчилар учун президент фармони билан алоҳида солиқ муҳити яратилганидан кейин дастурлаш хизматлари 50 баробардан ортиқ ошгани фақат бошланғич қадам бўлди. «Чунки дастурчилар ва BPO бўйича хизматлар экспортида шуғулланаётган ёшларимизнинг юқори даромад топаётганлари бошқа ёшларимизни ҳам чет тиллари ва ахборот технологияларини ўрганишга ундамоқда», — деди у.