Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовнинг Бандихон туман ҳокимлигига Skoda Kodiaq Ambition хизмат машинасини харид қилиш учун 429 млн сўм ўтказиш тўғрисидаги фармойиши бекор қилинди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги харид бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан ўрганиш ўтказиб, шундай хулосага келди.

Аниқланишича, ҳақиқатдан ҳам Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг 2022 йил 18 октябрдаги 23−8−0-Ф/22-сонли фармойиши билан вилоят бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан Бандихон тумани ҳокимлигига бир дона Skoda Kodiaq Ambition русумли хизмат автотранспорт воситаси харид қилиш ва расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун 429 млн сўм маблағ ажратиш назарда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги «Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 258-сон қарорига мувофиқ Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари тасдиқланган.

Мазкур меъёрларга кўра туман ва шаҳар ҳокимликларининг раҳбарларига сотиб олишга рухсат этилган хизмат автотранспортининг энг юқори нархи БҲМнинг 1000 баробари (300 млн сўм), раҳбар ўринбосарларига эса 700 баробари (210 млн сўм) этиб белгиланган.

Келтирилишича, Бандихон тумани ҳокимлигига сотиб олиниши режалаштирилган хизмат автотранспортининг нархи юқорида қайд этилган меъёрларга зид. Бу машинанинг сотиб олиниши «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги 258-сон қарори талабларига риоя қилинмаслигини келтириб чиқаради.

Антикоррупция агентлиги Сурхондарё вилояти ҳокимлигига вилоят ҳокимининг 2022 йил 18-октябрдаги 23−8−0-Ф/22-сон фармойишини бекор қилиш бўйича тақдимнома киритди ва вилоят ҳокимининг фармойиши бекор қилинди.

«Газета.uz» йирик вазирлик ва идораларнинг хизмат автомашиналари паркини таҳлил қилиб, мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари қандай автомобиллардан фойдаланишини аниқлагани ҳақида хабар берганди.