Ўзбекистон давлат органлари ва ташкилотлари ўз ихтиёрларида бўлган хизмат автомобиллари, уй-жой ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги ахборотларни эълон қилишни бошлади. Президентнинг 2021 йил 16 июндаги қарори билан мазкур кўрсаткичлар очиқ эълон қилинадиган ижтимоий аҳамиятга эга маълумотлар рўйхатига киритилди. Шундай қилиб, вазирлик ва идоралар эндиликда ушбу кўрсаткичларни ҳар чоракда ўз сайтларида ва очиқ маълумотлар порталида эълон қилиб боришлари шарт.

Айни вақтда порталдаги маълумотлар тартибсиз, имловий ва техник хатолар билан тақдим этилган. Баъзи давлат органлари автомобиль модели, ранги, ишлаб чиқарилган йили, транспорт бириктирилган шахс, давлат рақами, баланс қийматини кўрсатган бўлса, бошқалари фақат автомобиллар сонини кўрсатган ҳолда тўлиқ бўлмаган маълумотларни жойлаштирган (масалан, Мактабгача таълим вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва бошқалар).

Президент Администрацияси, Мудофаа вазирлиги, бош вазир ва бош вазирнинг биринчи ўринбосари, Ички ишлар, Энергетика, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва аксарият ҳокимликлар хизмат автомашиналари маълумотларни эълон қилмаган.

«Газета.uz» йирик вазирлик ва идораларнинг хизмат автомашиналари паркини таҳлил қилиб, мамлакатнинг юқори мартабали амалдорлари қандай автомобиллардан фойдаланишини аниқлади. Вазирлар орасида Mercedes-Benz S 450 4MATIC, уларнинг ўринбосарлари орасида эса Malibu ва Captiva энг оммабоп автомобиль бўлиб чиқди.

Иқтисодий ривожланиш вазирлиги

Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ихтиёрига 2015 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz автомобили, унинг ўринбосарларига 2019 ва 2017 йилларда ишлаб чиқарилган Malibu-2 автомобиллари бириктирилган.

Вазирлик автопаркида, шунингдек, махсус мақсадли (хорижий делегацияларни кутиб олиш ва бошқа мақсадларда фойдаланиладиган) Hyundai Santa Fe (2010), иккита Toyota Land Cruiser (2012 ва 2018), Damas ва бир нечта Lacetti (2020) мавжуд.

Молия вазирлиги

Молия вазири Тимур Ишметовга 2018 ва 2019 йилда ишлаб чиқарилган иккита Mercedes-Benz бириктирилган бўлиб, улардан бири махсус автомобилдир. Унинг барча ўринбосарлари Malibu-2 (2018) минишади.

Молия вазирлиги автогаражида олтита Lacetti ҳам бор.

Mercedes-Benz S 450 4MATIC. Фото: sales.mercedes-avangard.ru.

Транспорт вазирлиги

Транспорт вазирлиги балансидан 2019 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz S 450 4MATIC, тўртта Malibu (2018) ва Lacetti (2019) ўрин олган. Шу ўринда, вазирлик машиналар айнан кимга бириктирилганини кўрсатмаган. Аммо, аввалги икки вазирлик автомобиллари иерархиясидан келиб чиқилса, Mercedes-Benz транспорт вазири Илҳом Махкамовга, Malibu эса унинг ўринбосарларига хизмат кўрсатади.

Меҳнат вазирлиги

Худди шундай автомобиллар Нозимжон Ҳусанов раҳбарлик қилаётган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳам тақдим этилган. Хусусан, вазирга Mercedes-Benz, унинг уч ўринбосарига эса Malibu бириктирилган.

Автопаркда биттадан Lacetti ва Cobalt ҳам бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Cadillac XTS. Фото: auto.ironhorse.ru.

Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев аввалги вазирдан Cadillac XTS ҳукумат седанини қабул қилиб олди.

Очиқ маълумотлар портали маълумотларига кўра, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова 2019 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz S 450 4MATIC автомобилида юради. Вазирнинг қолган ўринбосарлари Амирилло Иноятов, Улуғбек Собиров ва Абдулла Азизов Malibu (2019 ва 2020) автомобилида қатнашади.

Қурилиш вазирлиги

Қурилиш вазирлигида ҳам хизмат автомобиллари кимга бириктирилгани кўрсатилмаган. Вазирлик автопарки 2009 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz S 450 4MATIC, тўртта Malibu (2013, 2019 ва 2020), Cadillac XTS (2014), Hyundai (2019) ва Lacetti (2015) автомобилларидан таркиб топган.

ТИВ

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камиловга Mercedes-Benz S 450 автомобили хизмат кўрсатади. Унинг ўринбосарларидан бири ҳамда президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Cadillac XTS (2016) автомобилида ҳаракатланишади. Яна тўрт ўринбосар ва матбуот котиби Malibu (2020 ва2013) автомобилида юришади.

ТИВ паркида, шунингдек, навбатчилар ва меҳмонлар, ҳудудлардаги консулхоналар ва бошқалар учун бешта Malibu (2013 ва 2017), иккита Lacetti (2010), учта Cobalt (2018), иккита Epica (2011), BMW 750 LI (2016), бешта Captiva (2017) сақланмоқда.

2016 BMW 750Li. Фото: guideautoweb.com.

ХТВ

Халқ таълими вазирлиги хизмат автомобиллари рўйхатидан Mercedes-Benz (2017), бешта Malibu (2018 ва 2020), Equinox (2020) ва иккита Lacetti (2017) автомобилларини кўриш мумкин.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов учун Mercedes-Benz S 450 (2009 йилда ишлаб чиқарилган), унинг уч ўринбосари учун эса — Malibu-2 (2019−2021) бириктирилган. Хизмат автомобиллари рўйхатида иккита Lacetti ҳам мавжуд.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Бош вазир ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовга 2018 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz S 450 бириктирилган. Унинг олти ўринбосари ва матбуот котиби Malibu-2 (2018) автомобилида юришади. Яна бир ўринбосари Отабек Чориев тасарруфида эса Skoda Kodiaq (2021) мавжуд.

Хорижий делегациялар учун Toyota Land Cruiser (2013) автомобилидан фойдаланишади. Гаражда иккитадан Lacetti ва Nexia, Mercedes-Benz S 600 (1996) ҳам мавжуд.

Toyota Land Cruiser 2013. Фото: netcarshow.com.

АКТ вазирлиги

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов Chevrolet Traverse (2020), унинг тўрт ўринбосари Equinox (2020) дан фойдаланади.

Адлия вазирлиги

Адлия вазирлиги ўзининг автопарки, жумладан, ҳудудий бошқармалар маълумотлари ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, давлат идорасида 320 та автомобиль мавжуд бўлиб, уларнинг аксариятини Nexia ташкил этади.

Вазир Русланбек Давлетовнинг ўзи 2015 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz, унинг тўрт ўринбосари Malibu-2 (2017 йил) минишади. Қорақалпоғистон адлия вазири ва вилоятлар бўлимлари раҳбарлари Captiva автомобилига эга.

Автопаркда Toyota русумига мансуб махсус транспорт воситалари ҳам мавжуд.

Skoda Kodiaq, Chevrolet Trailblazer, Equinox ва Traverse. Фото: «Газета.uz».

Маданият вазирлиги

Маданият вазири Озодбек Назарбековга 2009 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes-Benz, унинг уч ўринбосарига эса Malibu-2 (2020−2021) бириктирилган. Хизмат автомобиллари рўйхатидан иккита Lacetti ҳам ўрин олган.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятовнинг ҳайдовчиси Mercedes-Benz E 450 4MATIC (2019) бошқаради. Унинг икки ўринбосари эса Lacetti (2016−2017), яна бири — Malibu (2017) автомобилида ҳаракатланади.

Вазирлик балансидаги Nissan (2012) ва Mercedes-Benz S 350 (2007) онлайн аукционда сотувга қўйилган.

Инновациялар вазирлиги

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва унинг ўринбосари, Илғор технологиялар маркази раҳбари Шаҳноза Турдиқулова Malibu-2 (2018) автомобилидан фойдаланишади.

Қолган 16 та автомобиль маҳаллий ишлаб чиқарувчининг Lacetti, Nexia, Damas моделларидан таркиб топган.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги энг хилма-хил автотранспорт паркига эга. 2021 йил июль ҳолатига кўра вазир Жамшид Ходжаев Mercedes-Benz, унинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев Chevrolet Trailblazer, қолган олти нафар ўринбосар иккита Malibu, Hyundai Tucson, иккита Captiva ва Kia автомобилларида юришади.

Вазир маслаҳатчиларига Сaptiva ва Toyota Land Cruiser, матбуот котибига — Captiva, икки навбатчига — Cobalt ва Lacetti бириктирилган.

Маҳалла вазирлиги

Mercedes-Benz E 450. Фото: evo.co.uk.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов ихтиёрида Mercedes-Benz E 450 (2020 йил), унинг биринчи ўринбосари Гулнора Маъруфова ва ўринбосарлари Ботир Парпиев, Содиқжон Турдиевга эса Malibu (2020, 2019, 2017, 2016) автомобиллари бириктирилган.

Матбуот хизмати раҳбари учун Captiva ажратилди. Автопаркда иккита Lacetti ва битта Nexia ҳам бор.

Туризм ва спорт вазирлиги

Toyota Avalon. auto.ironhorse.ru.

Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимовнинг ҳайдовчиси Toyota Avalon ва Malibu-2 бошқаради. Унинг биринчи ўринбосари ва тўрт ўринбосари учун тўртта Malibu ва битта Captiva, вазир маслаҳатчилари учун — иккита Malibu ва битта Lacetti бириктирилган.

Меҳмонлар учун Toyota Prado, бошқарув аппарати учун — Malibu, навбатчилар учун — Lacetti ва Nexia хизмат кўрсатади.

Бош прокуратура

Hyundai Santa Fe. Фото: motor.ru.

Бош прокуратура — рўйхат тақдим этган ягона ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи. Идора парки 76 та автомобилдан иборат:

  • Mercedes-Benz S 450 — 1 дона;
  • Toyota Land Cruiser Prado — 3;
  • Malibu-2 — 6;
  • Captiva — 3;
  • Equinox — 1;
  • Lacetti — 49;
  • Citroen Jumper — 1;
  • Damas — 1;
  • Labo — 1;
  • Nexia — 6;
  • Isuzu Midibus — 1;
  • Hyundai Н1 — 2;
  • Hyundai SantaFe — 1.

Фанлар академияси

Фанлар академияси президенти Беҳзод Юлдашев 2016 йилда ишлаб чиқарилган Cadillac XTS автомобилида ҳаракатланади. Бош илмий котиб ва у нафар вице-президент Lacetti автомобилидан фойдаланишади.

Давлат статистика қўмитаси

Давлат статистика қўмитаси раҳбари тасарруфида Mercedes-Benz S 350 (2010 йилда ишлаб чиқарилган), унинг уч ўринбосарида эса Malibu (2018, 2012 ва2019), яна бирида — Toyota Camry (2012) мавжуд.

ДСҚ

Давлат солиқ қўмитаси ҳам 220 дан ортиқ, аксарияти Nexia автомашинасидан таркиб топган парки ҳақида тўлиқ маълумот берди. Шерзод Кудбиев раҳбарлик қилаётган ДСҚ раҳбарияти учун Mercedes-Benz ва олтита Malibu ажратилган.

Қўмитанинг ҳудудий бўлимлари раҳбарлари Malibu, Captiva, Toyota Land Cruiser, Trailblazer, Equinox автомобилларида юришади.

Экология давлат қўмитаси

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисига (лавозим август ойидан бери вакант) Mercedes-Benz E 450 русумли (2019 йилда ишлаб чиқарилган), биринчи ўринбосарига (у ҳам вакант) Toyota Prado (2016 -йил), яна икки ўринбосарга — Captiva ажратилган.

Экология қўмитасининг хизмат автомобиллари рўйхатидан УАЗ Патриот, Cobalt, Damas, Lada Niva ва XRAY, Hyundai H-1 автомобиллари ҳам ўрин олган.

Геология қўмитаси

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Бобир Исломов Mercedes-Benz (2009), унинг биринчи ўринбосари Шамсиддин Алимов ва икки ўринбосари — Malibu (2019, 2018 ва 2015), бошқа ўринбосари — Captiva (2018) автомобилларидан фойдаланади.

Ўрмон қўмитаси

Низомиддин Бакиров раҳбарлик қилаётган Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси автопарки Mercedes-Benz E 450 (2019), Mercedes-Benz S 450 (2009), иккита Mercedes-Benz S 450 (2018), Toyota Camry (2006), Malibu (2019) 2018) , Captiva (2017) ва бошқалардан таркиб топган.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги

Mercedes-Benz E 400 Coupe. Фото: mbofhenderson.com.

Акмал Бурхонов раҳбарлик қилаётган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги автотураргоҳида Mercedes-Benz E 400 (2021), Captiva (2021), тўртта Malibu (2020−2021) ва Lacetti (2020) автомобилларини учратиш мумкин.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги автопарки энг кўп (6) Mercedes-Benz мавжуд. Агентлик директори Дмитрий Лига Mercedes-Benz S 560 (2019) ва Toyota Land Cruzer (2019), унинг икки ўринбосарига — Cadillac XTS (2016) ва Malibu-2 (2018) бириктирилган.

Навбатчиларга Mercedes-Benz V250 ва S 350 (2003 ва 2018), иккита S 450 (2018) ва яна битта S 560 (2018) топширилган. Бундан ташқари, агентлик ихтиёрида иккита Captiva, яна учта Malibu, бешта Lacetti ва Damas мавжуд.

Олий суд

Козимжон Комилов раҳбарлик қилаётган Олий суд учун Mercedes-Benz E 450 (2020 йил), саккизта Malibu (2012−2021) ва 10 дан ортиқ маҳаллий автомобиллар ажратилган.

Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши

Қаҳрамон Сариев раислигидаги Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши автопаркида 23 та автомобиль, жумладан, иккита Toyota Prado (2017, 2009), 11 та Captiva (2015−2018), Trailblazer (2020) ва бошқа маҳаллий автомобиллар мавжуд.

Наманган вилояти ҳокимлиги

Наманган вилояти ҳокимлигида ҳоким Шавкатжон Абдуразоқовга бириктирилган Toyota Land Cruizer 200 (2020) ва Mercedes-Benz E, шунингдек, тўртта Lacetti ва битта Nexia (2018−2019) мавжуд.

Тошкент вилояти ҳокимлиги

Mercedes-Benz S 450 4MATIC 2018. Фото: motorauthority.com.

Тошкент вилояти ҳокимига (ҳозир Зойир Мирзаев, ундан олдин — Даврон Ҳидоятов) бирданига учта автомобиль — иккита Mercedes-Benz S 450 4MATIC (2009 ва 2018) ҳамда Toyota Land Cruizer (2011) ажратилган.

Ҳокимнинг биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев Malibu (2020 йил), ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги бўйича биринчи ўринбосари (вакант лавозим) — Captiva (2018), ҳоким ўринбосари Бархаёт Мелиев — Captiva (2015), ҳоким ўринбосари Жамшид Бабажанов (2016), ҳоким ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо бўлими раҳбари Нажмиддинхўжа Шарипов — Cadillac XTS (2016), ҳоким ўринбосари Шуҳрат Ҳакимов — Toyota Land Cruiser Prado (2017) автомобилида юришади.

Қолган ўринбосарлар, ҳоким ёрдамчиси ва маслаҳатчиси Lacetti ва Nexia автомобилларида қатнашади.

Меҳмонлар учун яна бир Mercedes-Benz S 450 4MATIC (2019) ва Benz CDI 515 микроавтобуси (2020) мавжуд.

Вилоятдаги президент халқ қабулхонаси тасарруфида Сaptiva (2017) мавжуд.

Навоий вилояти ҳокимлиги

Навоий вилояти ҳокимига Toyota Land Cruiser, унинг беш нафар ўринбосарига Malibu, икки нафарига — Captiva, президент қабулхонаси раҳбарига Captiva автомобили бириктирилган.

Аввалроқ бошқа вилоятлар ҳокимлари ҳам Toyota (асосан Prado) автомашиналарида юриши хабар қилинган эди. Собиқ ҳоким Зойир Мирзаев Infiniti`дан фойдаланишини маълум қилганди.

Тошкент ҳокимлиги

Пойтахт маъмурияти бошқа вазирлик ва идоралар ҳамда турли давлат корхоналари кесимидаги маълумотларни эълон қилди, бироқ ўзининг балансида қандай машиналар борлигини кўрсатмади.

Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 30 ноябрь куни фуқаро Латипова Зиёда Бахромовнага тегишли Mercedes Benz S500 Hybrid русумли, давлат рақами 01М798НВ бўлган қора рангли енгил автотранспорт воситасини ҳокимликка ихтиёрий равишда беғараз (текинга) бериш таклифини қабул қилиш ҳақидаги қарорни имзолаганди.

«Газета.uz» манбаси маълумотларига кўра, автомобиль аслида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзига тегишли. Эҳтимол, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги қарорида давлат хизматчиларининг хизмат автомобиллари қиймати чеклангани туфайли Mercedes-Benz S500 Hybrid автомобилини «беғараз бериш»га қарор қилингандир. Ҳокимият «Газета.uz»га вазият бўйича изоҳ беришни рад этди.

2021 йилда ишлаб чиқарилган бундай автомобиль нархи Avtoelon.uz сайтида 295 минг доллар кўрсатилган. Ҳокимлар автомобиллари учун чеклов эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 2000 баравари (540 млн сўм) этиб белгиланган.