Шавкат Мирзиёев 18 октябрь куни аграр соҳада йил якунигача кутилаётган натижалар ва келгуси йилдаги вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Иқлим ўзгариши ва жаҳондаги мураккаб вазият сабабли озиқ-овқат хавфсизлиги асосий масалага айланмоқда. Жаҳонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи ошиши кутилмоқда. Бундай вазиятда, аввало, аҳоли талабини қондириш ҳамда экспорт имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш керак. Бу борада давлат раҳбари соҳадаги долзарб вазифаларни кўрсатиб ўтди.

«Қишлоқ хўжалиги масаласини алоҳида эътиборга олиб, тез-тез муҳокама қилиб бораётганимиз бежиз эмас. Чунки бу иқтисодиётнинг тўртдан бир қисмини ташкил қиладиган муҳим соҳа. Бунинг замирида халқимиз фаровонлиги, нарх-наво барқарорлиги, қанча иш ўринлари ётибди», — деди Шавкат Мирзиёев.


Президент аввало, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиб, ҳосилдорликни ошириш масаласини муҳокама қилди. Фермерларга тупроқнинг таркибини аниқлаш, уруғлик танлаш, экинни суғориш ва зараркунандалардан ҳимоялашда кўмаклашиш кераклигини таъкидлади. Шу мақсадда давлат раҳбари 200 минг гектар майдонни лазерли текислаш таклифини маъқуллади. Бунда ҳосилдорлик ошган майдонлар учун субсидия ажратилади, лазерли текислаш ускунасини сотиб олган фермерлар харажати қоплаб берилади.

Йиғилишда масъулларга хорижий компаниялар билан ҳамкорликда ҳудудларда сув ресурсларини самарали бошқариш лойиҳаларини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Деҳқончилик учун ер ва сув каби энг зарур манбалардан бири бу маблағ. Фермер хўжаликларининг молиявий имкониятларини кенгайтириш, кредит ва субсидия олишни енгиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

«Яна бир муҳим йўналиш мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш. Лекин, ҳозирча бу борадаги кўрсаткич паст. Боғ ва узумзорларнинг 20 фоизида, сабзавот майдонларининг атиги 7 фоизида интенсив усул жорий қилинган. Шу боис озиқ-овқат саноатида 2 163 та лойиҳа шакллантирилган. Уларнинг натижасида 25 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти қисқариб, экспорт имконияти очилади. 37 мингдан зиёд киши иш билан таъминланади», — дейилади хабарда

Президент мева-сабзавотларни чуқур қайта ишлаш орқали қўшилган қийматни бемалол 3−4 бараварга ошириш мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, Мирзаобод, Денов, Паркент, Ўрта Чирчиқ, Урганч ва Қува туманларида шунга ихтисослашган озиқ-овқат саноат паркларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берди.


Қолаверса йиғилишда қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

«Рақамлаштириш бўлмаса, соҳада ҳаққоний статистика бўлмайди. Тўғри маълумот бўлмагач, агрохизматлар ривожланмайди, фермерлар қачон нимани экса, кўпроқ даромад олишини билмайди. Шунинг учун бу жараённи тезлаштириш керак», — деди давлат раҳбари.

Шу йил якунигача 3 та, келгуси йилда 4 та лойиҳани якунлаб, ер ҳисоби, субсидия ажратиш, экин майдонларини мониторинг қилишни тўлиқ рақамлаштириш вазифаси қўйилди. Келгуси йилда соҳада 600 мингта иш ўрни яратиш ҳамда экспортни 2 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланди.