Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакалани қабул қилди, дея хабар қилмоқда Президент матбуот хизмати.

Қайд этилишича, Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Конструктив сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник соҳаларда, экология, таълим ва туризм йўналишларида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг дастур ва лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.


Учрашув аввалида ЕИ махсус вакили мамлакатимиздаги демократик ва ижтимоий-иқтисодий янгиланишларни янада чуқурлаштиришга қаратилган, ортга қайтмайдиган Янги Ўзбекистон ислоҳотлари дастури Европа Иттифоқида юксак баҳоланаётгани, унинг давом эттирилиши изчил қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик самарали ривожланмоқда. Биргина жорий йилнинг 9 ойида ўзаро савдо 15 фоизга ўсди. Ўзбекистон маҳсулотларининг ЕИ мамлакатларига экспорти ҳажми 70 фоизга кўпайди. Ўзбекистондаги қўшма лойиҳа ва корхоналар сони 1 мингдан ошди.

Европалик инвесторлар иштирокида энергетика ва автомобилсозлик каби юқори технологик тармоқларда, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Суҳбат чоғида барқарор тараққиётга, минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашга кўмаклашишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.


Транспорт, инновация, рақамлаштириш, «яшил» иқтисодиёт, муқобил энергетика ва сувдан оқилона фойдаланиш, инклюзив таълим устувор соҳалар сифатида белгиланди.

Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан тартибга солиш ва унинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.