15 октябрь куни эрталаб Қашқадарё вилоятидаги 35-сонли манзил колониясидан маҳкум қочиб кетди. Бу ҳақдаги хабар 16 октябрь куни Kompromatuzb Telegram-каналида тарқалди.

17 октябрь куни эрталаб ИИВ ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти мазкур хабарни тасдиқлади. Департамент ахбороти хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Қарши шаҳридаги 4-минтақавий ҳудуд 35-сон манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган П.З.нинг 2022 йил 15 октябрь куни соат 18.00 ларда колония ҳудудида йўқлиги аниқланган. Ўша куни соат 18:30да П.З.га нисбатан қидирув эълон қилинган ва 20:35 да манзил муассаса ҳудудидан рухсатсиз чиқиб кетганлиги аниқланиб, колонияга олиб келинган.

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида туғилган маҳкум Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят судининг 2015 йил 30 сентябрь кунги ҳукмига асосан, Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (номусга тегиш жинояти) бўйича 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. П.З. муқаддам бошқа жиноятлар қилгани учун ҳам судланган.

«Маҳкум Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2020 йил 12 май кунидаги ажримига кўра, Жиноят ижриоя кодексининг 113-моддасига асосан, ўталмай қолган 9 йил 11 ой 10 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ учун манзил-колониясига ўтказилган», — дейилади департамент ахборотида.

Таъкидланишича, Жиноят ижроия кодексининг 114 моддаси бўйича манзил-колонияларда маҳкум соқчисиз, аммо назорат остида сақланади, эрталабдан кечгача колония ҳудудида эркин ҳаракатланиши, фуқаролик кийимини кийиши, обьектларга бориб ишлаши, иш ёки таълим олаётган бўлса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юриши, ёнида пул ва қимматли буюмлар сақлаши, пулдан чекланмаган ҳолда фойдаланиши, чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашиши, посилка, йўқлов ва бандероллар олиши ҳамда жўнатиши мумкин.

«Шу сабабли маҳкумнинг манзил-колониядан чиқиб кетиш имконияти юқори бўлади. Аммо унинг бу ҳатти-ҳаракатига қочиб кетиш, деб қаралмайди. Бу тартиббузарлик ҳисобланади. Маҳкумнинг кетиб қолишига нисбатан жиноий жавобгарлик йўқ. Тартиббузарлиги уни интизомий жазо олиши ёки яна ёпиқ колонияга қайтарилишига сабаб бўлади», — дейилади департамент тақдим этган маълумотда.

Қайд этилишича, ҳозирда ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД томонидан маҳкум П.З.нинг ушбу тартиббузарлигига ҳуқуқий баҳо берилиб, жазо муддатининг қолган қисмини ўташ учун ёпиқ турдаги колонияга қайтариш масаласи кўриб чиқилмоқда.