28 сентябрь куни АОКАда ЮНИCEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жофри Ижунба ва ССВ, ХТВ, ИИВ ва ЙҲХ масъуллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда болалар, ўсмирлар ва ота-оналар учун инновацион ахборот платформаси ишга туширилгани маълум қилинди.

«Яхши нарсалар интернети» деб номланган ушбу платформа ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, ҳукумат идоралари ва мобил алоқа оператори билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Бу веб-ресурснинг яратилиши болалар, ўсмирлар, ота-оналарнинг сифатли, хавфсиз, холис ва фойдали ахборотдан эркин фойдаланишини таъминлашда хизмат қилади.

Платформа «Руҳий саломатлик», «Таълим», «Соғлиқни сақлаш», «Инсон ҳуқуқлари», «Йўл ҳаракати хавфсизлиги» каби долзарб масалалар бўйича зарур тушунчаларни ўз ичига олади.


Фото: АОКА

Қайд этилишича, мазкур платформа интернетдан фойдаланиш имконияти чекланган, бунга шароити йўқ аҳоли қатлами учун кенг майдон бўлиб, ўзига хос «кўприк» вазифасини бажаради. Платформадан фойдаланиш мутлақо бепул. Масалан, қайсидир ўсмир ёшдаги йигит ёки қизнинг интернетга кириш учун маблағи йўқ, шундай вазиятда улар платформадаги маълумотларни бемалол бепул юклаб олиши мумкин.

Платформа ўзбек, рус, қорақалпоқ тилларида фаолият кўрсатиб, унинг контентини бойитиш устида босқичма-босқичма ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирга қадар унга жойлаштирилган маълумотлар нафақат матн, балки инфографика кўринишида, видео форматда, ўсмирлар тилига яқин тилда, қулай услубда тақдим этилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ишчи гуруҳи, ЮНИСЕФ экспертлари, волонтёрлар ёрдамида платформа контентини тўлиқ ўрганиб чиқиш ишлари якунига етди. Ушбу инновацион платформадан 28 сентябрдан бошлаб фойдаланиш мумкин.