10 октябрь куни АОКАда ўтказилган брифингда Бош прокуратура бўлим бошлиғи Абдураҳим Муҳиддинов «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастури бўйича Республика штаби томонидан ҳудудларда ўтказилган ўрганиш ишлари борасида маълумот берди.

Юклатилган вазифа ва топшириқлар ижросида камчиликка йўл қўйган ва ўз вазифасини лозим даражада бажармаган 427 нафар масъуллар интизомий ва 724 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, 3040 нафар шахс расман огоҳлантирилди.

Хусусан, йўл қўйган камчиликлари учун Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё ва Тошкент вилояти ҳокимларининг ҳамда 107 нафар туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари, шунингдек Маданий мерос агентлиги директори, Маданият, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Гидрометеорология хизмат маркази ҳамда «Ўзсувтаъминот» АЖ раҳбарларининг соҳага масъул ўринбосарларига жазо чоралари қўлланилди.

Бош прокуратура вакилининг айтишича, қўпол қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 185 та жиноят ишлари қўзғатилди, 880 нафар фуқаро ва тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

«Қурилиш сифати ва иш ҳажмларини тўлиқ бажарилиши ўрганилиб, 1553 та ҳолатда сифатсиз бажарилган 32,3 млрд сўмлик ҳамда 793 та ҳолатда ҳисоботларга қўшиб ёзилган 37,9 млрд сўмлик ишлар бартараф эттирилиши орқали келиб чиқиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг олди олинди», — деди Абдураҳим Муҳиддинов.

Унинг сўзларига кўра, объект пудратчисини танлашдаги коррупция ҳолатларини олдини олиш мақсадида пудратчи-ларнинг рейтингини ҳаққоний тарзда, инсон омилисиз аниқлаш ва тендер ўтказишда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиб, ҳукумат томонидан ушбу таклифларни амалиётга татбиқ этиш чоралари кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини молиялаштириш ҳажмини ошириш режалаштирилаётгани хабар қилинганди. Дастурлар ижросини назорат қилиш учун электрон дастур ҳам яратилганди.