Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари солиқ юки ва қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)ни 3 фоиз пунктгача камайтириш иқтисодиётга қандай таъсир қилишини таҳлил қилди.

ҚҚС давлат бюджети даромадларининг асосий манбаи ҳисобланади. 2021 йилда ушбу солиқ бўйича тушумлар 38,4 триллион сўмга етди, бу умумий тушумларнинг 23,4 фоизини ташкил этди. ҚҚСнинг 44 фоизи саноат тармоқларига, 18 фоизи қурилиш ташкилотларига, 13 фоизи улгуржи ва чакана савдо корхоналарига тўғри келади.

Мавжуд солиқ статистикаси ва «Харажатлар-ишлаб чиқариш» жадвал маълумотлари. Манба: ПМТИ.

Марказ таҳлилчиларининг фиқрича, ҚҚС бўйича солиқ юки иқтисодиёт тармоқлари ва секторлари бўйича нотекис тақсимланган. Масалан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида солиқ юки 8,5%, қишлоқ хўжалигида салкам 5% бўлса, қурилиш ва телекоммуникация хизматлари йўналишида — 79%, чакана ва улгуржи савдода 59%, саноатда 43% ни ташкил этган.

Умуман олганда, иқтисодиёт бўйича тармоқлараро ўртача нисбий ставка 24% ни ташкил этди. Бу ҚҚС нинг ҳозирги 15% ли номинал ставкаси шароитида, ҳақиқий ставка 3,6% ни ташкил этишини англатади. (15% * 0,24 = 3,6%).

Солиқ юкининг энг юқори даражаси нархларнинг ўзгариши ва ишлаб чиқаришнинг бошқа шароитларидан қатъий назар уларга барқарор талаб мавжуд бўлган тармоқлар (қурилиш, савдо-сотиқ, айрим хизмат кўрсатиш турлари)га хос. Уларнинг ҳиссасига иқтисодиёт бўйича ишлаб чиқаришнинг (ЯИМ ва ишлаб чиқариш ҳажми бўйича) атиги 15%и, ишчиларнинг 14%и тўғри келади. Ушбу гуруҳнинг ўзига хос хусусияти ташқи муҳитга энг кам боғлиқлик даражасидир.

Солиқ юкининг ўртача даражаси қазиб олиш ва қайта ишлаш саноати учун характерлидир. Ушбу тармоқларга иқтисодиётда ЯИМнинг тўртдан бир қисми тўғри келади. Мазкур тармоқлар жаҳон иқтисодиёти билан энг кўп боғлиқ бўлган тармоқлардир. Чунки оралиқ импортнинг 83% дан ортиғи ва умумий экспорт ҳажмининг 2/3 қисмидан кўпроғи уларнинг улушига тўғри келади.

«Юқори солиқ юки саноат маҳсулотлари экспортининг ўсишини чеклайди. Чунки ушбу тармоқлар учун ҚҚСнинг амалдаги юқори ставкаси тармоқ маҳсулотлари нархларининг ошиши ва рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келади», — дейилади таҳлилда.

Бу солиқ сиёсати (ҳеч бўлмаганда ҚҚС бўйича) ишлаб чиқариш таннархини пасайтириш ва унинг экспорт салоҳиятини ошириш учун ҳали самарали рағбатлар яратмаётганидан далолат беради.

ҚҚСнинг мазмуни ва қўлланилиши мантиғи шундан иборатки, минерал ресурсларни қайта ишлаш бўйича технологик занжирнинг бошида бўлган тармоқлар якуний истеъмолчига йўналтирилган тармоқларга нисбатан камроқ ҚҚС босимига учрайди, чунки уларда одатда солиққа тортиш базаси кичикроқ, шунингдек ҚҚСнинг бир қисмини ундириш бўйича имкониятлар кўпроқ бўлади.

ҚҚС ҳисобланган (реал) ставкасининг стандарт ставкага нисбатан фоиздаги миқдори ва якуний маҳсулотнинг ишлаб чиқаришдаги улуши. Манба: ПМТИ.

ҚҚС товар ва хизматлар нархига киритилганлиги сабабли, стандарт ставканинг, масалан, 15% дан 12% гача камайиши, иқтисодиётнинг реал секторидаги умумий нархлар даражасини пасайтиради (харажат дефляцияси).

Ҳисоб-китоб натижалари шуни кўрсатдики, ҚҚС ставкасини пасайтиришнинг ўзи иқтисодиёт учун кам таъсир кўрсатади. Умумий нархлар индексининг 0,81% бандга пасайиши солиқ тушумлари бўйича йўқотишларни (ҚҚС тушумларининг 20%га ёки барча солиқ тушумларининг 4,7%га камайиши (бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳисобга олмаганда) тенг миқдорда компенсация қилиши эҳтимолдан йироқ, дейилади таҳлилда.

Реал ва стандарт ставкалар ўртасидаги тафовутни (100% — 24% = 76%) камайтиришга, шунингдек, реал (ҳисобланган) ставкаларнинг тармоқлараро ўртача кўрсаткичи (24%), стандарт оғиш 22,8% атрофида тарқалишини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар нисбатан истиқболли бўлиши мумкин. Бу эса ҚҚС бўйича стандарт ставкаси
пасайган тақдирда ҳам солиқ тушумларининг ўсишини таъминлайди.

Ушбу чора-тадбирлар нимадан иборат бўлиши кераклигини аниқлаш ушбу тадқиқотнинг мақсади бўлиб ҳисобланмайди. Шу билан бирга, Хитой тажрибасини ўрганиш фойдалидир. Хитойда ҚҚС нинг стандарт ставкаси 13% ни ташкил қилади. ҚҚС ставкалари пасайтирилган — 9% (чакана савдо, кўнгилочар, меҳмонхона бизнеси, умумий
овқатланиш, қурилиш, транспорт, почта ва логистика хизматлари) ва 6% ли ставкалар амал қилади (молиявий сектор ва суғурта, ахборот технологиялари ва консалтинг).

«Ўзбекистонда ҳам асоссиз солиқ имтиёзларининг аксариятини бекор қилган ҳолда ҚҚСнинг табақалаштирилган ставкалари жорий этилиши мумкин. Бунда тайёр маҳсулотнинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши қанчалик юқори бўлса, ҚҚС ставкаси ҳам шунчалик паст бўлса бўлиши керак. Бу корхоналарга янги технологиялар ва инновацияларни жорий этиш, қўшилган қиймат улушини ошириш ва тез ўсиб бораётган солиқ юки шаклида катта харажатларга йўл қўймаслик имконини беради», — дея қайд этди экспертлар.

Август ойи охирида президент пандемия ва жаҳондаги вазиятга рўкач қилиб, унга ҚҚСни кейинга қолдиришни таклиф қилишганини таъкидлаганди.«Биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Аввалроқ эса Молия вазири ўринбосари ҚҚС бўйича имтиёзлар бериш «ҳеч қандай» таъсир бермаганини ва уларнинг муддати чўзилиши иқтисодиётга фақат зарар олиб келишини қайд этганди.