2022 йил 6-октябрь куни Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида 2018 йилда туғилган тарбияланувчи И.Ж. вафот этди, дея хабар бермоқда Мактабгача таълим вазирлиги.

Қайд этилишича, тарбияланувчи И.Ж. ташкилот ҳудудидаги болалар ўйин майдонидаги темир айланада ўйнаган ва эҳтиётсизлик оқибатида ҳаёт учун хавфли бўлган жароҳатлар олган. Ўлимнинг аниқ сабаби ва вақти аниқланмоқда.

Айни пайтда иш прокуратурага ўтказилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эҳтиётсизлик оқибатида воқеа содир бўлган вақтдаги масъул шахсларга нисбатан Ўзбекистон қонунчилигида назарда тутилган чоралар қўлланилиши маълум қилинди.

Айни пайтда бахтсиз ҳодиса туфайли 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори лавозимидан озод этилиб, вилоят Мактабгача таълим бошқармаси ва туман мактабгача таълим бўлими раҳбариятига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. Тарбиячи ва тарбиячи ёрдамчисига нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мактабгача таълим вазирлигининг масъул ходимлари ҳолатни назоратга олган.

«Мактабгача таълим вазири томонидан бундай ҳолатлар такрорланмаслиги ҳамда болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, республикадаги барча давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги ўйин майдончаларида жойлашган хавфли темир конструкцияларни инвентаризациядан ўтказиш, уларни демонтаж қилиш, шунингдек, идоравий қурилиш меъёрлари ва талабларига мувофиқлаштириш топшириғи берилди», — дейилади хабарда.