Тармоқларда Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги 29-мактабда келишмовчилик сабаб ўқувчи ва ўқитувчи муштлашгани акс этган видеолар тарқалди. Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамова ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Наманган вилояти Халқ таълими бошқармасидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, улар ўзаро келишолмай қолган ва ўқитувчи ўқувчини синфдан чиқариб юборган, деди у.

«Ўқувчи эса синфга қайтиб кириб, ўқитувчига қўл кўтарган, қолган ўқувчилар эса ўқитувчи ва ўқувчини ажратганлигини видеодан ҳам кўриш мумкин», дейилади хабарда.

Бироқ, видео давомида бошқа ўқувчи ўқитувчига гултувак отганини ҳам кўриш мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган ИИБ муносабат билдириб, воқеа 19 сентябрь куни содир бўлганини маълум қилди. Таъкидланишича, Баҳористон маҳалласи профилактика инспектори ўқувчининг онасига МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмига асосан ҳужжатлар расмийлаштирган.

Ўрганиш натижалари бўйича аниқ маълумотлар тақдим этилади, дейилади хабарда.