Шанба куни кечқурун Индонезиянинг Шарқий Ява провинцияси Маланг шаҳридаги «Канжурахан» футбол стадионида юз берган тиқилинчда 174 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди, дея хабар бермоқда Al Jazeera.

Президент Шавкат Мирзиёев Индонезия президенти Жоко Видодога таъзия йўллади. Давлат раҳбари ҳамдардлик мактубида вафот этганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жароҳатланганлар тез орада шифо топишини тилади, дея маълум қилди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Фожиа «Арема» клуби «Персебая» жамоасига 3:2 ҳисобида мағлуб бўлган ўйиндан кейин содир бўлди. «Арема» мухлислари майдонга югуриб чиқишган. Полиция уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган, бу эса ваҳима уйғотган ва одамлар чиқиш учун югура бошлаган. Кўпчилик ҳушини йўқотган. Воқеа жойида 34 киши, жумладан 2 нафар полициячи ҳалок бўлган.

Жароҳатланганлар саккизта шифохонага етказилган. Маҳаллий вақт билан эрталаб соат 9:30да ҳалок бўлганлар сони 158 нафарни ташкил этган бўлса, соат 10:30га келиб уларнинг сони 174 нафарга етди. Улар орасида беш ёшли бола ҳам бор.

Стадион ўз бағрига 42 минг кишини сиғдира олади. Расмийларга кўра, ўйин учун барча чипталар сотилиб кетган. Полициянинг айтишича, 3000 киши майдонга югуриб чиққан бўлган.

Индонезия президенти фожиа бўйича чуқур тергов ўтказишни ва хавфсизлик текширувлари ўтказилгунга қадар мамлакатдаги барча футбол ўйинларини тўхтатишни буюрди. У мамлакатдаги бундай фожиа охиргиси бўлишига умид билдирди.

Индонезияда мухлислар тўқнашуви кам учрайди. Хабар қилинишича, тартибсизликлардан қўрқиб, «Персебая» мухлисларига шанба кунги ўйинга чипта сотиб олишга рухсат берилмаган.

Индонезия сиёсат, ҳуқуқ ва хавфсизлик бўйича мувофиқлаштирувчи вазири Муҳаммад Маҳфуднинг айтишича, ташкилотчилар расмийларнинг ўйинни тунда эмас, тушдан кейин ўтказиш ҳамда 42 минг эмас, 38 минг чипта чоп этиш ҳақидаги тавсияларига эътибор бермаган.

ФИФА хавфсизлик қоидалари полиция ва хавфсизлик кучлари томонидан ўйинлар вақтида қурол, кўздан ёш оқизувчи ёки бошқа газлардан фойдаланишни тақиқлайди