Навоий вилояти Кармана тумани касб-ҳунар мактабининг фаоллар залида байрамга тайёргарлик жараёнида вояга етмаган ўқувчи қизларнинг рақсга тушгани видеоси тарқалганди. Шундан сўнг, уларнинг ота-онаси «ўзбек миллатига муносиб бўлмаган» рақси учун жаримага тортилди. Вилоят адлия бошқармаси эса қўлланилган ушбу жаримани бекор қилди.

Бошқарма видеодаги хатти-ҳаракатлар, хусусан, алоҳида бир ҳолатда қизлар даврасида рақс тушилиши «ота-оналарнинг болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслиги» деб нотўғри ҳуқуқий квалификация қилингани, яъни мазкур ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби мавжуд эмаслигини маълум қилди.

«Вояга етмаган ўқувчи қизларнинг рақс услублари Ўзбекистон жамиятидаги умумтарқалган маънавий қадриятларга тўла мос келмаслиги мумкин, лекин инсонларнинг ахлоқий ўлчамлари ва қарашлари қонунлар билан белгиланган нормалардан нотўғри фойдаланишга, айниқса жавобгарликка тортишга олиб келмаслиги лозим. Қайси ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун жавобгарлик келиб чиқиши, қонунларда аниқ белгилаб қўйилган. Шу асосга кўра, қўлланилган жарима бекор қилинди», — дейилади хабарда.

«Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида» қонунига асосан,

  • боланинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади (4-модда);
  • ҳар бир бола эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига, ўз шаъни ва қадр-қимматига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига ғайриқонуний аралашувлардан ҳимояланиш ҳуқуқига эга (10-модда).

Халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос келувчи ушбу қонунда белгиланган кафолатлар ҳар бир бола учун мактаб ҳудуди бўладими, шахсий уй-жой бўладими, ҳар қандай ҳолатда таъминланиши шарт, дейилади хабарда.

Бундан ташқари, ота-оналарнинг баён этишига кўра, лавҳа расмий манбалар ва марказий телеканаллар орқали ёритилиш жараёнида мактаб ўқувчилари ҳамда ота-оналар интервью бериш юзасидан босим остида қолган. Оқибатда, вояга етмаган болалар ўз тенгдошлари, мактаб маъмурияти, ота-оналари ва кенг жамоатчилик олдида сазойи қилинган.

Ушбу номақбул ҳаракатлар вояга етмаганларнинг соғлиги ва саломатлигига, руҳий барқарорлигига ўта жиддий таъсир қилган ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қиммати таҳқирланишига олиб келган. Энг асосийси, вояга етмаганларга нисбатан бундай ҳаракатлар ноқонунийдир.

Юқоридаги қонунга асосан, бола фикрлаш эркинлиги ҳуқуқига эга (17-модда), инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга зарарли таъсир кўрсатувчи оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш тақиқланади (16-модда).

«Шунингдек, мазкур масалада баъзи бир ижтимоий тармоқлардаги хабарлар ҳамда телевидение орқали берилган интервьюларда мактаб маъмурияти раҳбари ва айрим ўқитувчиларига нисбатан „ҳайфсан“ ва „жарима“ интизомий жазо чораси қўлланилганлиги ва улар эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги баён этилган. Ушбу ҳолат ҳам адлия органлари томонидан ўрганилганда, мактабнинг ҳеч бир ходими билан меҳнат шартномаси бекор қилинмаганлиги маълум бўлди», — дейилади муносабатда.

Шу ўринда адлия органлари тарбия ва ахлоқ, маънавий қадриятларга мос равишда келажак авлодни тарбиялаш, шубҳасиз, жамиятнинг муҳим бўғини эканлигини тўлиқ эътироф этади. Шу билан бирга, ахлоқий масалаларни ҳал этишда ҳуқуқ нормаларининг асоссиз қўлланилиши ва бу орқали шахсларнинг Конституция ва қонунлар билан кафолатланган ҳуқуқ ва манфаатларига дахл этиш мумкин эмаслигини эслатиб ўтади.