Интернетда Навоий вилоятининг Кармана туманидаги касб-ҳунар мактабларининг бирида икки қиз бошқа ўқувчи қизлар даврасида рақсга тушаётгани акс этган видео пайдо бўлди. Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ушбу видеога изоҳ берди.

Унда айтилишича, видеоёзув 21 сентябрь куни мактаби ўқувчилари машғулот ўтказган мажлислар залида олинган.

Бошқарма буни «ўзбек миллатига муносиб бўлмаган, ўзбекона урф-одатларимизга тўғри келмайдиган» рақс дея баҳолади.

«Ушбу ҳолатлар мутасадди раҳбарлар ҳамда вояга етмаган ўқувчи қизларнинг ота-оналари иштирокида муҳокама қилиниб, уларнинг таълим-тарбиясига оид қатъий чора-тадбирлар белгилаб олинди», — дейилади хабарда.

Қизларнинг ота-оналари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-модда 1-қисми билан, хусусан, вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармагани, шу жумладан, вояга етмаган шахсларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилишига сабаб бўлгани учун жаримага тортилди.