30 сентябр куни тонгда Россия Украинанинг Запорожье вилоятида тинч аҳоли колоннаси томон 16 та ракета учирди, дея ёзмоқда Украина президенти девони раҳбари ўринбосари Кирило Тимошенко.

Тўртта ракета Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудига чиқиш-кириш учун транспорт воситалари ва фуқароларнинг тўпланиш нуқтасига келиб тушди. Оқибатда 23 киши ҳалок бўлди, 28 киши яраланди.

«Бу ерда ўз қариндошларини кузатиб келаётган тинч аҳоли вакиллари бор эди. Ҳеч қандай ҳарбий техника йўқ эди», — деб таъкидлади Кирило Тимошенко.

«Одамлар вақтинча эгаллаб олинган ҳудуддан қариндошларини олиб чиқиб кетиш, ёрдам кўрсатишга навбатда турганди. Улар бизнинг ватандошларимизни олиб, Украинанинг бўш қисмига олиб боришлари керак эди», — деб тушунтирди Запорожье вилояти маъмурияти раҳбари Александр Старух.

У 1 октябрни Запорожье шаҳри ва Запорожье вилоятида мотам куни деб эълон қилди.

Россия томонидан босиб олинган ҳудудидаги Запорожье ҳарбий-фуқаролик маъмурияти бош кенгаши аъзоси Владимир Рогов эса зарба беришда Украина қуролли кучларини айблади.

«Айни дамда 23 нафар ҳалок бўлган ва 34 нафар ярадор запорожьеликлар борлиги маълум. Воқеа Ореховское шоссесидаги автомобил бозорида содир бўлди, у ердан минтақага жўнаб кетиш учун карвон ташкил қилинганди», — дея унинг сўзларини келтиради РИА Новости.

Владимир Рогов, шунингдек, икки кун аввал Запорожье вилояти аҳолиси автомобил йўлини тўсгани ва уларга Киев режими назорати остидаги ҳудудни тарк этиш имкониятини беришни талаб қилиб, митинг ўтказганини айтди. Норозилик акциясидан сўнг, Украина хавфсизлик хизмати ва полиция вакиллари келгани ва улар «очиқ-ойдин таҳдид қила бошлаганини, запорожьеликлар бу ишларидан ҳали жуда афсусланишларини айтишганини» қайд этди.