Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Россия Федерациясида қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Қозоғистонга қанча россиялик келганини маълум қилди, дея хабар берди Tengrinews.kz нашри.

«Биздаги маълумотларга кўра, 21 сентябрдан бери Қозоғистонга 98 мингга яқин россиялик келди, 64 234 россиялик эса чиқиб кетди. ИИН (индивидуал идентификация рақами — таҳр.) олишга келсак, 21 сентябрдан буён биздан 8000 дан сал кўпроқ норезидентлар ИИН олди», — дейилади ИИВ хабарида.

«Ҳамма нарса назорат остида, миграция қонунчилиги ишлаяпти, шунинг учун биз қонун бузилиши нуқтаи назаридан ҳеч қандай аномал ҳодисаларни кўрмаяпмиз», — дея хабар қилди ИИВ Астанадаги брифинг чоғида.

Бир кун аввал Қозоғистон чегара хизмати ижтимоий тармоқларда тарқалган Россия билан чегарадаги назорат-ўтказиш пункти ёпилгани ҳақидаги маълумотни рад этиб, чегарадаги вазиятга изоҳ берди. Чегара хизмати ҳам Россия томонидан назорат-ўтказиш пунктлари ёпилгани ҳақида расмий маълумот олмаганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин русларнинг спонтан миграциясида асосий йўналишлардан бирига айланди. Россия Қозоғистон билан энг узун чегарага эга бўлиб, унда 51 та назорат пункти бор.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Туркистон вилояти аҳолиси билан учрашувда Россиялик мигранлар мавзусига тўхталди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

«Қозоқ мақолида шундай дейилган: „Қўшнилар билан яхши муносабатлар тинчлик гаровидир“. Энг муҳими, қўшни давлатлар билан келишувни сақлаб қоламиз. Бундан ҳеч нимани йўқотмаймиз», — деди у.

«Сўнгги кунларда бизга Россиядан кўплаб одамлар келмоқда. Уларнинг аксарияти юзага келган чорасиз вазият туфайли кетишга мажбур. Биз уларга ғамхўрлик қилишимиз ва хавфсизлигини таъминлашимиз керак. Бу сиёсий ва гуманитар масала. Ҳукуматга зарур чоралар кўришни топширдим. Бундай оғир вазиятда биз энг аввало инсонийлик, сабр-тоқат ва ташкилотчиликни кўрсатишимиз керак. Бизда инқироз ҳам, ваҳима ҳам йўқ», — деди Қозоғистон президенти.

«Хориждан ташриф буюрувчиларга ёрдам берилади, лекин улар ҳеч қандай имтиёзга эга бўлмайди. Барча ишлар қонун ва мажбуриятларимизга мувофиқ амалга оширилиши керак. Биз Россия томони билан музокаралар олиб борамиз ва бу муаммони мамлакатимиз манфаатларидан келиб чиқиб ҳал қиламиз», — дея қўшимча қилди Тоқаев.