Украина президенти Владимир Зеленский 30 сентябрь куни навбатдаги видеомурожаати орқали НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширишини эълон қилди.

«Де-факто, биз аллақачон НАТО йўлини босиб ўтганмиз. Де-факто, биз Шимолий Атлантика альянси стандартларига мос келишимизни аллақачон исботладик. Улар Украина учун ҳақиқидир — улар жанг майдонида ва ўзаро муносабатларимизнинг барча жабҳаларида ҳақиқийдир», — деди давлат раҳбари.

Бундан бир қанча соат олдин, 30 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск халқ республикалари, шунингдек, Украинанинг Запорожье ва Херсон вилоятларининг Россия назоратидаги ҳудудларини Россия таркибига қўшилиш тўғрисидаги битимларни имзолади. Владимир Путин ўз нутқида Украинани яна бир бор музокара столига қайтишга чақирди.

Владимир Зеленский ўз видеомурожаатида Украина музокаралар саъй-ҳаракатларида етакчи бўлгани ва шундай бўлиб қолаётгани ҳамда айнан Украина Россияга ҳар доим тенг, ҳалол ва адолатли шароитларда бирга яшашга келишиб олишни таклиф қилганини айтди.

«Шубҳасиз, бу Россиянинг ушбу президенти билан мумкин эмас. У шараф ва қадр нималигини билмайди. Биз Россия билан мулоқотга тайёрмиз, лекин Россиянинг бошқа президенти билан», — деди Украина раҳбари.