Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши комиссияси пойтахтнинг Кичик ҳалқа автомобиль йўлида транспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 60 км/соатгача чеклаш масаласини Кенгашнинг навбатдаги сессиясига киритишни кўзлаяпти. Бу ҳақда пойтахт кенгаши хабар берди.

Пойтахт маразий кўчалари — Алишер Навоий, Маҳтумқули, Амир Темур, Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Ислом Каримов, Тарас Шевченко, Бобур ва Фурқат кўчаларининг бир қисми ва Амир Темур хиёбонида эса 50 км/соатгача тушириш режа қилинган.

Биз 16 сентябрь куни шаҳар кенгаши йиғилишида депутатлар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг 6 та марказий кўчада тезликни соатига 60 км/соатга чеклашга оид таклифини танқид қилгани ҳақида ёзгандик. «Газета.uz» аниқлашича, депутатлар кўриб чиқиши учун 40 та кўчанинг рўйхати киритиш режалаштирилган бўлган, бироқ у Амир Темур, Фарғона йўли, Шота Руставели, Янги Сергели, Бобур ва Бунёдкор кўчаларигача қисқартирилган.

Айрим депутатлар тезликни пасайтириш ташаббусига очиқчасига қарши чиқишди. Кенгаш бу масалани қўшимча ўрганишни талаб қилади, деб ҳисоблади ва уни кўриб чиқишни кейинги сессияга қолдирди. Жамоатчилик ушбу масала ва жаҳон тажрибасини билмаслигини намойиш этган айрим депутатларнинг чиқишларини кескин танқид қилди.

Мазкур сессиядан сўнг кенгаш комиссияси аъзолари ИИББ ва бошқа ташкилотлар экспертлари билан биргаликда пойтахт кўчаларида тадқиқот ўтказдилар. Тадқиқот натижаларига кўра, комиссия ва ИИББ Кичик ҳалқа йўли ичидаги барча кўчаларда рухсат этилган тезликни соатига 60 км/соатгача камайтиришни мақсадга мувофиқ деб топдилар.

Бундан ташқари, «баъзи кўчаларда ҳаракат хавфсизлигини тўлақонли таъминлаш, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳолдисаларининг олдини олиш ва камайтириш, шунингдек, ҳаракат иштирокчилари учун етарли даражада қулай шароитлар яратиш мақсадида траспорт воситаларининг ҳаракат тезлигини соатига 50 км.гача чеклаш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланди», дейилади кенгаш хабарида.

Доимий комиссияда мазкур масалани халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш маъқулланди.