«Новая газета. Европа» нашри Россия президенти администрациясидаги манбасига таяниб, қисман сафарбарлик эълон қилинганидан кейин 261 минг эркак Россия Федерациясини тарк этганини маълум қилди. Бу маълумот, таъкидланганидек, мамлакат Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) маъмуриятига тақдим этилган.

Шу билан бирга, «Новая газета. Европа» манбаси президент аппарати ФСБ маълумотларининг ҳақиқийлигига шубҳа қилмоқда, чунки бунга қадар ФСБнинг чегара хизмати «бунчалик тез ишламаган». Унинг сўзларига кўра, баҳорда улар кўпроқ уяли алоқа операторларининг нисбатан кечроқ келадиган маълумотларидан фойдаланишга ҳаракат қилишган.

Манбанинг қайд этишича, ушбу маълумотлардан Россия президенти Владимир Путинни чақириш ёшдаги эркаклар учун мамлакатдан чиқишни ёпишга ишонтириш мумкин. Бироқ «Новая газета. Европа»нинг президент администрациясидаги яна бир суҳбатдошининг таъкидлашича, у давлат раҳбарининг чегараларни ёпиш ҳақидаги фармони лойиҳасини ҳали кўрмаган.

Чақириш ёшидаги эркаклар Россияни асосан Қозоғистон (энг узун чегара, 51 назорат пункти), Грузия, Беларус, Озарбайжон, Мўғулистон ва Туркия йўналишида тарк этмоқда, шунингдек, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга ҳам учишмоқда. Россияни қўшни давлатлар билан чегаралардаги автомобиль ўтказиш пунктлари орқали тарк этиш ҳам кенг оммалашмоқда. Зеро, қисман сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг самолёт ва поезд чипталари нархлари кескин кўтарилиб кетди.

Қозоғистон

23 сентябрдаёқ Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси чегара хизмати Қозоғистон-Россия йўналиши бўйича мамлакатга кириб келаётган хориж фуқаролари сони ортгани ҳақида хабар берган эди.

«Мавжуд 30 та автомобиль назорат пункти нормал режимда ишламоқда. Тўрттасида йўловчилар ва транспорт воситаларининг кўпайиши туфайли тирбандлик вужудга келган. Вазият алоҳида назоратга олинган», — дейилади бошқарма матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, икки кундан кейин Қозоғистон чегарачилари ҳам Костанай вилоятида мавжуд назорат-ўтказиш пунктини четлаб ўтиб чегарани бузган Россия Федерациясининг уч фуқароси қўлга олинганини маълум қилишди. «Қонунбузарлар ўз ҳаракатларини Россия ҳудудида амалга оширилаётган қисман сафарбарликдан қочиш истаги билан изоҳламоқда», — дейилади хизмат хабарида. Тергов якунлангач, уларни Россия томонига топшириш режалаштирилмоқда.

Россияликлар Қозоғистонга оммавий йўл олишини сабабларидан бири уларнинг кейинчалик бошқа давлатларга кетиш учун Қозоғистон ҳаво бандаргоҳларидан фойдаланиш имкониятидир. Бу ҳақда Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Миграция қўмитаси раҳбари в. б. Аслан Аталиков маълум қилди, деб хабар берди Tengrinews.kz.

«Янгиликдан маълум бўлишича, Россия аэропортларида талаб юқори бўлгани сабабли авиачипталар мавжудлиги билан боғлиқ муаммолар бошланган. Русларнинг бизнинг ҳаво бандаргоҳимиздан релокация учун фойдаланишлари эҳтимоли ҳам иммигрантлар оқимининг сабабларидан биридир. Транзитга келсак, биргина сентябрнинг охирги кунларининг ўзида РФнинг 40 минг фуқароси Қозоғистонни тарк этган», — деди Аслан Аталиков.

Шу билан бирга, унинг сўзларига кўра, минглаб россияликлар Қозоғистон орқали Қирғизистон ва Ўзбекистонга кетган. Беш кун ичида Қозоғистон аэропортлари орқали 6 мингга яқин россиялик учиб кетди.

Фото: ИА «ТоболИнфо»

Қозоғистоннинг «ТоболИнфо» ахборот агентлиги Костанай «Фуқаролар учун ҳукумат» давлат хизматлари марказларида хорижликларнинг катта навбатлари юзага келганини маълум қилди. Уларнинг аксарияти Қозоғистон банкида ҳисоб очиш имконини берувчи шахсий идентификация рақамини олиш учун марказга келган Россия фуқароларидир.

Қозоғистон оммавий ахборот воситалари ва давлат органлари россияликларнинг киришини ёпиш режаси ҳақида расмий хабарлар эълон қилмади. Аксинча, Қозоғистон парламенти Сенати спикери Маулен Ашимбаев 22-сентябр куни мамлакат Россия фуқароларининг мамлакатга киришини чеклаб қўя олмаслигини айтди, деб ёзади «Интерфакс». Бироқ, дея қўшимча қилди сиёсатчи, яшаш учун рухсатнома қонунга мувофиқ ва фақат тегишли ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин берилади.

«Агар руслар бизга келиб, кейин кетмоқчи бўлса, бу ерда бирон-бир иш билан бир муддат қолишни истаса, бу ерда ҳеч қандай савол туғилмаслиги керак, биз чеклай олмаймиз», — деди у.

Ушбу хабар эълон қилинганидан сўнг Қозоғистон чегара хизмати яна чегарадаги вазиятга изоҳ берди.

«Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Қозоғистон-Россия чегарасидаги назорат-ўтказиш пунктлари ёпилгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Сизга шуни маълум қиламизки, Қозоғистоннинг барча назорат-ўтказиш пунктлари нормал режимда ишламоқда», — дейилади чегара хизмати хабарида.

Унинг сўзларига кўра, чегарадан одамлар, транспорт воситалари ва юкларни ўтказиш Қозоғистон қонунчилиги ва халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.

«Россия томонидан назорат-ўтказиш пунктлари ёпилгани ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот йўқ», — дея таъкидлади Қозоғистон чегарачилари.

Грузия

«Новости — Грузия» ахборот портали маълумотларида келтирилишича, 26 сентябрь ҳолатига кўра, Грузия-Россия чегарасида Юқори Ларсда Россиядан Грузияга кетмоқчи бўлганларнинг автомобилларидан иборат тирбандлик юзага келган.

«Грузияга кириш учун машиналар навбатининг узунлиги 20 км дан ошади. Ўтиш жуда секин, лекин ҳар икки йўналишда ҳам амалга оширилмоқда. Баъзи одамлар ҳали ҳам машиналарда бўш жойларни қидириб, назорат пунктига яқинроқ юришибди. Улар чатларда шимолий кавказликларга чегарани кесиб ўтишни рад этиш ҳолатлари тез-тез учраганини ёзишмоқда», — деб ёзади газета.

Ҳисоботда айтилишича, юзлаб одамлар Грузияга велосипедда кираётган бўлса, кўпчилик нейтрал ҳудуд орқали 5−7 километрлик йўлни пиёда босиб ўтмоқда. Чегарада ҳаракатланаётган автомобилларнинг тахминий сони 3000 тани ташкил этади.

Фото: newsgeorgia.ge
Грузия ичида мухолифатчи сиёсатчилар руслар учун чегаранинг ёпилиши мумкинлигини муҳокама қилмоқдалар, бу муҳокама март ойида, эмиграциянинг биринчи тўлқини пайтида бошланган. Мухолифатдаги «Ягона миллий ҳаракат» партияси депутати Нона Мамулашвили Грузия ҳукумати чақириш ёшидагиларнинг Россияга киришини тўхтатиши ҳақида норасмий маълумот олганини айтди.

Мухолифатдаги «Стратегия Агмашенебели» партияси етакчиси Гиоргий Вашадзе Грузия чегарасини Россия фуқаролари учун ёпишни талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, Россиядан фақат учта тоифадаги фуқаролар мамлакатга киритилиши керак: Грузия фуқаролари ва Россияда яшовчи этник грузинлар, шунингдек, алоҳида ҳолатларда «гуманитар мақсадларда» Россия фуқаролари.

Бироқ Грузиянинг ҳукмрон партияси Россия фуқаролари учун виза режимини ва ҳар қандай чекловларни жорий қилишни истисно этмоқда.

«Вазият тўлиқ назорат остида. Барча идоралар масъулиятли ва масъулият билан ҳаракат қилишда давом этади», — деди «Грузия орзуси» партияси раиси Ираклий Кобахидзе.

Ушбу хабар эълон қилинганидан сўнг Грузия билан чегарада Россия томонидан зирҳли транспортёр ва ҳарбийлар пайдо бўлгани ва улар тахминий назорат пункти яратиш учун келгани маълум бўлди.

Ушбу маълумот юзасидан ФСБ изоҳ берди.

«[Юқори Ларс назорат-ўтказиш пунктида блокпост ўрнатилгани ҳақидаги маълумотлар] сохта. Зирҳли транспортёрнинг у ерда ҳаракатланаётгани тўғри, бироқ у блокпост ўрнатиш учун ҳаракат қилмаяпти, қўпол қилиб айтганда, захирадагилар ўтказиш пунктини бузиб ўтиш ва ҳеч қандай «ёки чегара расмийлаштирувисиз мамлакатдан чиқиб кетишни хоҳлаб қолишмасин, деган мақсадда ҳар эҳтимолга қарши. Ҳеч қандай назорат-ўтказиш пунктлари ўрнатилмайди», — деб таъкидлади ФСБ чегара бўлими вакили.

«РИА Новости»нинг хабар беришича, Россия Мудофаа вазирлиги ҳам қисман сафарбарлик шароитида фуқароларнинг ҳаракатланишига ҳеч қандай чекловлар йўқлигини маълум қилди.