РИА Новости нашрининг хабар беришича, 20 сентябрь куни Россия Давлат думаси ҳарбий хизматга оид тузатишлар пакетини қабул қилди.

Бу билан қонунчиликка «сафарбарлик», «ҳарбий ҳолат», «уруш даври» ва «қуролли можаро» тушунчалари киритилди.

Ҳарбий хизматга қарши жиноятлар нафақат қуролли тўқнашув ёки жанговар ҳаракатлар шароитида, балки «сафарбарлик ёки ҳарбий ҳолат даврида, уруш даврида» ҳам содир этилган бўлса, жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб ҳисобланади.

Хусусан, ҳарбий буйруқларни бажармаслик, ҳарбий хизмат бошлиғига қаршилик кўрсатиш, хизмат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш, дезертирлик, хизматдан бўйин товлаш, хизмат ўташ қоидаларини бузиш, ҳарбий мол-мулкни йўқотиш «ҳарбий ҳолат даврида, уруш даврида ёки қуролли тўқнашувлар ёки ҳарбий ҳаракатлар олиб борилганда содир этилган бўлса, жавобгарликка тортиш белгиланди.

«Чақирув ёки шартнома бўйича муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчи томонидан ушбу давр мобайнида сафарбарлик ёки ҳарбий ҳолат, уруш ёки қуролли тўқнашув шароитида, шунингдек, ҳарбий ҳаракатлар олиб боришда бир ойдан ортиқ муддатга узрли сабабларсиз хизматга ўз вақтида келмаслик, қисмни ёки хизмат жойини ўзбошимчалик билан тарк этиш содир этилган бўлса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади», — дейилади ўзгартириш матнида.

Бундан ташқари, киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳарбий хизматни ўташ учун захирадан чақирилган шахслар шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар билан тенг равишда хизматга келмаслик ёки хизмат жойини рухсатсиз тарк этганлик учун жиноий жавобгарликка тортилади.

Ўзгартиришлар, шунингдек, ўз ихтиёри билан таслим бўлганлик учун — 3 йилдан 10 йилгача, талончилик учун эса — 15 йилгача жиноий жавобгарликни жорий этади.

Давлат думасидан сўнг ўзгартиришлар Федерация Кенгаши томонидан кўриб чиқилади. Бу эртага, 21 сентябрда содир бўлиши мумкин, кейин ҳужжат имзолаш учун президентга юборилади.