Наманганнинг Жалолиддин Мангуберди кўчасида аҳоли хонадонларига тақаб автомобилларга газ тўлдириш шохобчаси қурилаётгани айтилмоқда. Объект қурилиши ортида шаҳардаги кўплаб газ «заправка»лари эгаси, вилоят ҳокими Шавкат Абдуразоқовнинг қудаси Қудрат Абдуллаев турган бўлиши мумкин, дея ёзмоқда Kun.uz.

Суриштирувларга кўра, фуқароларнинг прокуратура, шаҳар ҳокимлиги ва экология идораларига қилган мурожаатлари ҳеч қандай самара бермаган. Бундан ташқари, қурилиш объекти олдидаги кўп йиллик манзарали дарахтларни ҳеч бир рухсатсиз кесиб ташлашган.

Ўзини метан «заправка» матбуот хизматидан дея таништирган Иброҳимжон Маматқулов «заправка»га қўшни хонадонлар билан муаммо йўқлигини даъво қилиб, ҳатто уларнинг уйлари фасади таъмирлаб берилганини таъкидлаган. Қўшни хонадонлардан бирининг соҳиби Мирзоҳид Ҳошимжонов эса улардан деворини шувоқ қилиб беришларини сўрамаганини, буни ўзларининг «заправка»си чиройли кўриниши учун қилганларини айтмоқда.

Вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акромжон Охунов Жалолиддин Мангуберди кўчасидаги метан заправка қурилишидан бехабарлигини билдирган. Бироқ қурилиш бошлашига рухсат берувчи 2022 йил 23 июль кунги 49844-сонли шаҳарсозлик кенгаши хулосасида «бу қурилишдан хабарим йўқ», деган мансабдорнинг имзосини кўриш мумкин. Ҳужжатларда қурилиш SD SERVIS CENTER МЧЖ томонидан олиб борилаётгани акс этган.

Шунингдек, Жалолиддин Мангуберди кўчасида жойлашган «Гўзал» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муҳиддинов қурилиш объекти атрофида аҳоли турар жойи йўқлиги ҳақида маълумот берган.

Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Мамадалиев Kun.uz сўровига жавобан вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва Қудрат Абдуллаевнинг ўзаро қуда эканини тасдиқлаган. Мамадалиевнинг айтишича, қудачилик ришталари ўрнатилганига энди 1 йил бўлган, Қудрат Абдуллаев эса азалдан тадбиркорлик билан шуғулланиб келган, унинг ишбилармонлик фаолиятида вилоят ҳокимининг ўрни мавжуд эмас.

Қурилиш вазирлиги вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари томонидан 21 сентябрь куни газ қуйиш шохобчалари қурилишининг қонунийлигини текширилиши ҳақида хабар берди.

Суриштирув олиб борган Kun.uz журналисти Элмурод Эрматов юқоридаги материал эълон қилинганидан сўнг интернетда троллар ҳужумига учраган. Аноним фойдаланувчилар муаллифни ҳақорат қилган ва нашр «вазиятни холис ёритмагани» ва шу тариқа «пул ишлаб олишни бошлаганини» таъкидлаган. Журналистлар ва жамоатчилик мухбирни қўллаб-қувватлаб, уни обрўсизлантиришга уриниш бўлаётганини маълум қилди.

«Газета.uz»нинг аниқлашича, Шавкат Мирзиёев қарорлари билан Қудрат Қосимжонович Абдуллаев 2022 йилда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони ва 2018 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.

Очиқ маълумотларга кўра, тадбиркор Наманган, Фарғона ва бошқа вилоятлардаги «Namangan-Istiqlol bogʻi» (табиий газ қазиб олиш, устав капитали — 200,1 млрд сўм), «Zamin Metal Sanoat» (саноат совитиш ва вентиляция ускуналари ишлаб чиқариш, 10,8 млрд сўм), «Sifat Metrolog» (техник синов ва таҳлиллар, 50 млн сўм), «Milliy Metal Sanoat» (металл цистерна, резервуар ва контейнерлар ишлаб чиқариш, 16 млрд сўм), «Afsona Sof Gaz Suv Qurilish» (бошқа тоифаларга киритилмаган бошқа муҳандислик иншоотлари қуриш, 100 млн сўм), «Parkent Metan Gaz Shoxobchasi» (газ билан таъминлаш тизими орқали газсимон ёқилғини тақсимлаш, 2,2 млрд сўм), «Universal Sog’lomlashtirish» (турар жой бўлмаган биноларни ижарага бериш ва бошқариш, 21,5 млн сўм), «Kamolot Istiqlol Koʻmakchisi» (ихтисослашган дўконларда мотор ёқилғиси чакана савдоси, 20 млрд сўм), «Gold Afsona» (заргарлик буюмлари ва шунга ўхшаш маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 777 млн сўм), «Buyuk-Metan» (АГТКС, 26,5 млрд сўм), «Farg‘ona Metan Gaz» (АГТКС) ва шу каби ўнлаб корхоналарда муассис сифатида қайд этилган.

Бир қатор корхоналарда, жумладан, ёқилғи қуйиш шохобчаларида ҳам унинг яқинлари — Дилноза Қосимжоновна Абдуллаева ва Дилором Косимжоновна Абдуллаева таъсисчи ҳисобланади.

Тадбиркор ширкатларининг номлари туман ва вилоятлар ҳокимларининг қарорларида кўрсатилган. Масалан, Наманган вилоятининг Давлатобод тумани ҳокимининг 2021 йил 7 cентябрдаги қарорида «Namangan-Istiqlol bogʻi» газ ишлаб чиқарувчи «Афсоналар водийси» боғи ҳудудида 9 ва 14 қаватли турар-жой бинолари қуриш учун рухсатнома олгани айтилган.

Қудрат Абдуллаев 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтган сайловда вилоят Кенгаши депутати этиб сайланган эди. 2021 йил ноябрь ойида вилоят ҳокими Шавкат Абдуразоқов раҳбарлик қилаётган халқ депутатлари Кенгаши қарори билан кенгашнинг Иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестисиялар ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси аъзоси бўлди.