16 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси истисно тариқасида Украина президенти Владимир Зеленскийга 77-сессияда бевосита эмас, балки видеомурожаат орқали нутқ сўзлашга рухсат беришни овозга қўйди. Бу ҳақда БМТ баёнотида сўз боради.

Мазкур қарорни 101 давлат, жумладан Қозоғистон қўллаб-қувватлади. Хитой, Эрон ва Ўзбекистон билан биргаликда 19 делегация бетараф қолди. Етти давлат: Россия, Беларус, Куба, Шимолий Корея, Никарагуа, Эритрея ва Сурия қарши овоз берди.

Қирғизистон, Туркманистон ва Тожикистон овоз беришда иштирок этмади.

Қабул қилинган ҳужжатга кўра, Украина «Президентнинг олдиндан ёзиб олинган баёнотини» тақдим этиши мумкин, у Бош Ассамблея залида Ассамблеянинг 77-сессиясидаги умумий мунозаралар чоғида янграйди. Маърузачилар рўйхатида Владимир Зеленскийнинг делегатларга мурожаати 21 сентябрь чоршанба куни тушдан кейинга режалаштирилган.

Белоруссия делегацияси ушбу истиснони фақат Украина билан чекламасликни таклиф қилди, аммо унга ўзгартиришлар киритилмади. Уларни фақат 23 делегация қўллаб-қувватлади.

Ўнлаб давлатлар муаллифлик қилган резолюцияда гап фақат жорий сессия ҳақида кетаётгани ва истисно прецедент бўлмаслиги кераклиги таъкидланган.

Аъзо давлатлар ўз қарорини Бош Ассамблея «тинчликсевар суверен давлатлар раҳбарлари, БМТ аъзолари ўзларига боғлиқ бўлмаган сабаблар, жумладан, давом этаётган чет эл босқинлари ва тажовузлари, ўз мамлакатларига хавфсиз чиқиб кетишлари ва қайтишларига имкон бермаётган ҳарбий ҳаракатлар ёки миллий мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ўз бурч ва функцияларини бажариш зарурати кабилар туфайли Бош Ассамблея мажлисларида шахсан иштирок эта олмайдиган ҳолатларни ҳисобга олгани билан изоҳладилар».

20 сентябрь куни БМТда БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясининг умумий муҳокамаси бошланади. Олий даражадаги ҳафталик ташкилот томонидан йилнинг энг кутилган тадбирларидан бири бўлиб, бутун дунёдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари Ню-Йоркка келади. Охирги икки йил давомида пандемия сабабли штаб йўлаклари бўм-бўш, олдиндан ёзиб олинган чиқишлар катта экранларда намойиш этилмоқда. Бу йил бундай тартиб фақат Украина президенти учун амал қилади.

Эслатиб ўтамиз, ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 19−24 сентябрь кунлари АҚШга ташриф буюриб, БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида нутқ сўзлайди.