2022 йил 19−24 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШга ташриф буюради, дея хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

ТИВ раҳбари БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясининг умумий мунозараларида нутқ сўзлайди.

Шунингдек ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси қатор икки томонлама учрашувларни ўтказади ҳамда кўп томонлама тадбирларда иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрь куни Ўзбекистон президенти фармони билан Владимир Норов ташқи ишлар вазири этиб тайинланганди.

Владимир Норов 2021 йил 31 декабрдан ташқи ишлар вазири ўринбосари, 2022 йил 27 апрелдан эса ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи лавозимида ишлаган.