16 сентябрга ўтар кечаси Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида вазият яна кескинлашди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон томони «илгари эришилган барча келишувларни бузган ҳолда» Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен ва Лейлек туманларидаги қирғиз-тожик чегарасининг бутун периметри бўйлаб чегара ва фуқаролик объектларига қуролли учлар ҳамда оғир ҳарбий техникалардан фойдаланган ҳолда ҳужум уюштирганини маълум қилди.

«Қирғизистон томони эришилган барча келишувларга қатъий риоя қилишни, ўт очишни тўхтатиш ва ҳарбий қисмларни олиб чиқиб кетишни, шунингдек, чегара ҳудудларида вазиятнинг кескинлашувига олиб келадиган ҳолатни яратмасликни талаб қилди», — дейилади Қирғизистон ТИВ хабарида.

Ташқи ишлар вазирлиги чегарада юзага келадиган барча муаммоларни фақат сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилиш кераклигини таъкидлади.

Тожикистон чегара қўшинлари, ўз навбатида, 16 сентябрь куни эрталаб соат 4:00 ларда Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги Кўктош пости чегарачилари «келишувни бузган ҳолда» Душанбе чегара постига ўқ узгани ҳақида хабар тарқатди. Тожикистон оғир қуроллардан фойдаланилганини маълум қилди.

«Шу билан бирга, Қирғизистон ҳарбий хизматчилари оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда Исфара шаҳрининг Хўжаи Аъло, Қуммазор, Сурх, Сомониён, Кўлканд, Хистеварз ва Ғофуров туманидаги Овчиқалача, Бобожон аҳоли пунктларига қуролли ҳужум уюштирди», — дейилади хабарда.

«Томонлар эрталаб соат 6:30 да ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олишганига қарамай, Қирғизистон ҳарбий хизматчилари унга риоя қилмай, Тожикистон йўналиши бўйича барча турдаги ҳарбий қуроллар ва ҳарбий техникалардан ўқ узишни давом эттирмоқда», — дея таъкидланади.

Кейинроқ Тожикистон чегарачилари эрталаб соат 10:00 ҳолатига кўра Тожикистон ва Қирғизистон чегарасининг барча йўналишларида қуролли тўқнашувлар давом этаётгани ҳақида хабар берди.

«Қўшни давлат ҳарбий кучлари мавжуд бўлган барча турдаги ўқотар қуроллардан фойдаланган ҳолда Тожикистоннинг чегарадош қишлоқлари, фуқаролик тузилмалари ва аҳоли уйларини шиддатли миномётлардан бомбардимон қилди ва ўққа тутди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, Қирғизистон махсус кучлари бўлинмалари ҳарбийлари Исфара шаҳрининг Боғистон ва Лакон аҳоли пунктларида тинч аҳолининг уйларига қуролли ҳужум уюштиргани, турар-жой бинолари ва ёрдамчи иншоотларга ўт қўйгани қайд этилди.

«Айни дамда Тожикистоннинг вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари ижобий натижа бермаяпти, чунки Қирғизистон ҳарбий хизматчилари тинчлик музокаралари бўйича таклифларни эътиборсиз қолдирмоқда», — деди Тожикистон чегара қўшинлари.

Эслатиб ўтамиз, 14 сентябрь куни ҳам Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида отишма содир бўлгани хабар қилинганди. Томонлар бир-бирини ҳодисага сабабчи бўлганини билдириб, миномётлардан фойдаланишда айблади.

Шундан сўнг Қирғизистон ва Тожикистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарлари Қамчибек Ташиев ва Саймўмин Ятимов 16:00 (Тошкент вақти билан 15:00) да ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олди. Бу ҳақда Қирғизистон чегара хизмати хабар берди.